Рақамли божхона: амалиёт ва самара
Божхона хизмати органларида “Рақамли божхона” тамойилининг жорий қилиниши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини ҳам нақдини тежашга хизмат қилмоқда. Жумладан, “Хавфларни бошқариш” ва “Ягона дарча” божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар ёрдамида божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Масофавий электрон декларациялаш” мавзусида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди.


Тадбирда Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида” ги фармони мазмун-моҳияти, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиликлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бу йил давомида божхона тўловлари йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Божхона божларидан озод қилинадиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, хом ашё ва материаллар, тиббий буюмлар ва қадоқлаш материаллари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тадбиркорларга яратилган қулайликлар тўғрисида сўз борди.
Тадбир иштирокчилари бошқармада янги ташкил этилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости фаолияти билан танишди. Ўтган давр мобайнида “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида жами 15 минг 455 та декларация расмийлаштирилиб, ҳисобланган божхона тўловларидан 424,1 миллиард сўм давлат бюджетига ўтказилган.


Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган 201,9 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт учун расмийлаштирилган. Содда қилиб айтганда, божхонада замонавий рақамли технологияларни қўллаш орқали товар ва транспорт воситалари қанчалик тез чиқариб юборилса, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт-импорт операциялари шунчалик тезлашади.
Тадбирда журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА