Рамазон – хайру сaховат ойи
Мамлакатимизда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракатлари бугун барчани бир мақсад сари бирлаштирмоқда.
Мамлакатимизда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракатлари бугун барчани бир мақсад сари бирлаштирмоқда.
У ҳам бўлса коронавирусни мардонавор енгиш, юртдошларимизнинг азиз жонларини сақлаб қолишдир. Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган эзгу ишларнинг замирида инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.
Айни мана шундай оғир ва синовли кунларда Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш борасида жуда катта вазифалар амалга ошириляптики, бундай хайрли ишларни ҳеч бир давлатда учратмайсиз. Қисқа фурсатда қатор шифохоналарнинг қад ростлаши, шифокорларимизга кўрсатилаётган эътибор, юксак эҳтиром шулар жумласидандир.
Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида“ги қарорида ҳам энг аввало, халқимиз манфаати мужассам этилган. Қарорда амалдаги карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, оила даврасида муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини адо этиш билан бир қаторда, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат, шунингдек, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, асрлар давомида эзгулик, саховат ва сабр-қаноат, меҳр- шафқат ойи сифатида нишонлаб келинган муборак Рамазон ойини ҳозирги мураккаб вазиятда ҳам тинч-тотув, ҳамжиҳатликда ўтказишга доир муҳим чора-тадбирлар белгилангани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бозорлардаги нарх-навони бақарорлаштириш, халқимиз дастурхонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, муборак Рамазон ойида ҳам ҳар бир оиланинг давлат эътиборида бўлиши мисли кўрилмаган фидойилик намунасидир.
Бундан кўриниб турибдики, муборак Рамазон ойида ҳар бир фуқаро карантин қоидаларини бузмаган ҳолда, муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларини уйда, оила даврасида адо этиши зарурдир.
Халқимиз қалбига нур ила кириб келган Рамазон эртанги кунга бўлган ишончимизни янада орттираётгани бежиз эмас, албатта.
Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботинни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Сизларга муборак ой – рамазон келди. Унинг рўзасини оллоҳ фарз қилган. Бу ойда само эшиклари очилади. Жаҳаннам эшиклари ёпилади. Шайтон малайлари боғланади. Бу ойда Оллоҳнинг бир кечаси борки, у минг ойдан кўра яхшироқ. Ким бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди”.( Имом Аҳмад, Насаий).
Ушбу муборак ойда бир-бирига меҳрибонлик кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, хайрли ишларда ҳамкорлик қилиш, саховатли бўлиш ҳар биримиз учун фарздир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсонпарварлик тамойилларига асосланган “Саховат ва кўмак“ умумхалқ ҳаракати асосида меҳри дарё инсонларимиз томонидан муҳтож оилаларга кўрсатилаётган меҳр ва мурувват ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаяпти.
Жумладан, самарқандлик саховатпеша тадбиркорларимиздан Жаҳонгир Исматов 20 та муҳтож оилани уч ой давомида ўз қарамоғига олганлиги, уларни моддий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани –ўзбек миллатига хос бўлган азалий меҳру муҳаббат, бағрикенглик тимсолидир.
Яна шундай қалби дарё, ҳимматли тадбиркорлардан наманганлик Ҳакимжон Тошбоев, Фахриддин Хирочевларнинг саховатпешалиги ҳам таҳсинга лойиқ. Навоийлик ишбилармонларимиздан Улуғбек Файзиев ҳам бугунги синовли кунларнинг нақадар қийинлигини, шундай вазиятда элга елка тутишни ният қилган ҳолда 100 га яқин муҳтож оилага кўмак бераётгани барчамиз учун ибратдир. Уларнинг номини яна узоқ келтиришимиз мумкин...
Биз ҳам саховатпеша тадбиркорларимизни кун қаҳрамонлари дея эътироф этсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу муборак ойда саховатпеша инсонлар сафи кенгайишига ишонамиз.
Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: “Эҳтиёжманд ва кам таъминланган инсонларга қилинган яхшилик, албатта, ўзингизга ҳам қайтади“. Юртбошимиз томонидан тадбиркорлар учун яратиб берилаётган қатор имтиёзлар ҳам юртдошларимизни янада ҳамжиҳатлик билан фаол ишлашга ундамоқда.
Жалолиддин Румий ҳазратлари “Гўзалларнинг юзи кўзгуда гўзал кўринади, инъом ва эҳсоннинг гўзаллиги эса фақир ва ғариблар ила билинади“, дея бежиз айтмаган.
Эртанги кунга катта ишонч ва шукроналик билан мўътабар Рамазон ойини кутиб олаётган, халқимизнинг ёнида мардонавор туриб, чумоли сингари ҳиммат камарини ҳар биримиз белимизга боғласак, албатта, бу оғир ва синовли кунларни енгиб ўтамиз!
Кириб келган муборак Рамазон ойи юртимизга, юртдошларимизга янада аҳиллик, бирдамлик, файзу барака олиб келсин! Рамазони шариф барчамизга муборак бўлсин!
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази мутахассиси.