Раҳмат сизга, аскар оғалар, қаҳрамон оталар!
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Пойтахтимиздаги Ғалаба боғида жойлашган “Шон-шараф” музейи 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида одамлар билан ҳар доимгидан ҳам гавжум. Боғнинг остонасидан ичкари кираркансиз, сизни ғалаба куйининг ажиб таронаси қарши олади. То музейга етиб боргунингизча ажойиб бир ҳолатнинг гувоҳига айланасиз. Чап тарафдаги қатор тизилиб турган танклар устида сакраб юрган болажонларни ота-оналари суратга олишяпти. Зотан бугун болажонлар учун ўйинчоқ вазифасини бажараётган бу танклар Иккинчи жаҳон уруши даврида аскарларнинг сўнгги умид маёғи бўлган. СУ-100, Т-34, ИС-2, Ис-3, ИСУ-152, ПТ-76 русумли оғир ва енгил танклар ҳар бирининг ўз бажарадиган вазифаси бўлгани табиий. Илоҳим бу танклар, замбараклар мана шу боғда бир умрлик ҳайкал вазифасида қолсин ва улар ҳеч қачон инсониятга хизмат қилмасин.

Боғнинг ўнг тарафида аскарлар душманга зарба берадиган ва ўз жонини асраши учун хизмат қилган рамзий окоплар. Одимлаб ичкари юрганингиз сари ҳайратингиз ва ҳаяжонингиз ортиб бораверади. Йўлак четларига қўйилган суратларда уруш даврида яшаган инсонларнинг ҳаётлари акс этган лавҳалар. Бир сурат эътиборимни тортди. Унда оналарнинг ўғилларига, сингилларнинг акаларига, қизларнинг севган йигитига ёзган мактубларидан парчалар келтирилган. ”...Салом болажоним, оёғингдан совуқ ўтмаяптими”, деб бошланган бир мактуб, “Акажон, дўстларингиз билан тушган суратингизни юборинг”,” Эсон-омон урушдан қайтсангиз, баҳорда тўй қиламиз...”

Йўлак бўйлаб юрар экансиз, курсиларда хаёлга чўмиб ўтирган отахонларга, фарзандига нималарнидир тушунтираётган ота-оналарга дуч келасиз. Музейга кираверишдаги хотира майдончаси ёнида турган хорижлик сайёҳ эътиборимни тортди. Уни суҳбатга чорладим.

Боб БАУМАНН,
америкалик тарихчи:
–Мен Ўзбекистон тарихига жудаям қизиқаман. Ва бу ердаги кўплаб тарихий шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хивада бўлганман. Ҳар бир саёҳатимдан кўплаб таассуротлар оламан.

Уруш ҳақида гапириш ва уни эслаш ҳар қандай замондаям оғриқли. Бир нарсани биламанки, уруш ҳеч ким учун, ҳеч қачон яхши бўлмаган. Ўша даврнинг гувоҳи бўлганларгина бу нарсани тўлалигича ҳис қилади. Уруш вақти нафақат оддий халққа, балки давлат бошқарувчиларига ҳам осон кечмаган. Уларнинг зиммасида танклар, замбараклар орқали қаернидир босиб олиш вазифасидан ташқари, одамларга руҳ бериш, уларда ватанпарварлик туйғусини уйғота олиш масалалариям турган. Чунки урушга киришдан олдин халқ бу нарсага руҳан тайёр бўлиши керак бўлган.

Уруш даври ҳақидаги ҳар қандай мақола ёки маълумотни ўқиганимда ҳар гал ўша пайтда уларга ёрдам бера олмаганимни ҳис қиламан. “Шон-шараф” музейи ҳам жудаям бой тарихга эга экан. Бу ердаги қаҳрамонларнинг оғир ҳаёти ҳақидаги хотиралар тинчликнинг қадрига етиш ва уни асраб - авайлашга хизмат қилишига ишонаман.

Тарихчи билан суҳбатдан сўнг музейнинг биринчи қаватига йўл олдим. Ғалабадан хабар берувчи гармония овози остида музей ичини томоша қилишга киришдим. Биринчи қаватдаги аксарият композицияларда жанглардаги ҳолат ёритиб берилган. Ана, Берлин шаҳрида Адольф Гитлер кўчасидаги жанг акс эттирилган майдон. Майдонда ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари, деразаларнинг синиқ ойналаридан ўқ узаётган аскарлар, мотоцикл устида ўтирганича жон берган йигитлар ҳайкаллари. Ерда инграб ётган ярадор оталар...
Фронд ортидаги ҳаёт акс этган лавҳалар ҳақида маълумотга эга бўлиш учун назоратчи Гулнора НУРМАТОВАнинг изоҳларига қулоқ тутдим.

– Эркаклар жангга кетгач, хотин-қизлар ҳамма масъулиятни ўз зиммаларига олишган, –дейди Г. Нурматова. – Эркаклар қиладиган ишларнинг барчасини аёллар бажаришган. Катта ҳажмдаги оғир вазнли қувурларни ташишган, Фарҳод ГЭСи қурилишида иштирок этишган, ҳаттоки токарликни ҳам ўз зиммаларига олишган. Замира Муталова, Оппоғой Рустамова, Назира Йўлдошева, Мастура Азизова, М. Икромова, Меҳринисо Убайдуллаева, Башорат Мирбобоева каби аёллар мана шундай фронт ортида қаҳрамонлик кўрсатган. Башорат Мирбобоева биринчи машинист аёл бўлган, яъни ўзи паровоз ҳайдаган.
Бундан ташқари, музей ичида уруш даврига хос кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар, турли русумдаги ўқотар милтиқлар, ҳарбий касалхонани эслатадиган жиҳозлар, ҳарбий оркестр чолғу асбобларидан намуналар, жанговар байроқлар акс этган сурат ва уларнинг асл нусхалари ҳам мавжуд. Бу ерда “Илҳақ” фильми қаҳрамони – беш ўғлини урушга жўнатган Зулфия ая Зокирова ҳайкали ва келинлари билан тушган суратлар акс этган лавҳаларни ҳам кўриш мумкин.

Иккинчи қаватда урушда қатнашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган шахсларга тегишли орден, медаллар ўрин олган.
Ва ниҳоят учинчи қаватга, яъни қаҳрамонларнинг ҳайкаллари томон йўл олдим. Ҳайкаллар музейнинг энг юқори чўққисига ўрнатилгани ва бу чўққига чиқиш осон эмаслигининг рамзий маъносини тушунгандек бўлдим. Айланма зиналардан бирма-бир қадам босиб, юқорига кўтарилган сайин урушда жасорат кўрсатган қаҳрамонларнинг рамзий қабрлари акс этган ва уларнинг номлари битилган қабртошлар ёнида ғалабага эришиш осон кечмаганини ич-ичимдан ҳис этдим.
Мана ўша ўзбекнинг мард, жасур ўғил-қизларидан ташкил топган 15 кишилик жанговар гуруҳ ҳайкали. Уларнинг бири генерал, бири офицер, ўқчи, мерган, пулемётчи, танкчи, разведкачи, командир, учувчи, сапёр, санитар-фельдшер...

Бизнинг бугунги тинч, осуда ҳаётимиз учун ўз жонини тиккан мардлар пойи остида бир дақиқа сукут сақладим. Ва баралла овозда уларга акаларим, опаларим, сингилларим, фарзандларим, ҳамюртларим номидан ташаккур айтдим. Раҳмат сизга, аскар оғалар, қаҳрамон оталар.
Нигора Раҳмонова, ЎзА