Раҳбар ва ёшлар учрашуви
Пойтахтимизда “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Мазкур учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шаҳноза Султонова иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашув ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, шу билан бирга раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейида ҳам ўқувчи-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Раҳимова, Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Ш.Набиев, мутасадди ташкилотлар вакиллари, академиклар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этган тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, ташаббус ва таклифлари билан фаол иштирок этди.

Билдирилган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Айрим масалалар эса шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, масъуллар томонидан лицейда ёшлар учун яратилган замонавий шароитлар, таълим жараёнлари ҳамда ўқувчилар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишилди.

Қайд этилганидек, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг фикрини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим ва ёшлар сиёсати йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Гулноза бобоева, ЎзА