“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви
Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Касб-ҳунар таълими агентлиги директори Азимжон Ҳусанов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
“Ёшлар куни” доирасида очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда техникумларнинг 450 нафарга яқин ўқувчиси қамраб олинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда касбий таълим соҳасида институционал яхлитликни таъминлаш ва бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, лаборатория ва устахона базаларини замонавий техника, асбоб-ускуна ва сарфловчи материаллар билан таъминлаш, касбий таълим ва касбга ўқитиш тизимида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан қўшма ва халқаро таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий педагогларни чет элга малака оширишга юбориш йўлга қўйилмоқда.
Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Тадбир якунида юқори натижаларга эришган ва учрашувда энг яхши таклиф билдирган фаол ёшлар тақдирланди.
[gallery-28420]
Касб-ҳунар таълими агентлиги директори Азимжон Ҳусанов “Pearson” ўқув дастури асосида фаолият юритаётган Нукус шаҳридаги 1-сонли техникумда ҳам бўлиб, таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган замонавий шароитлар, ўқув жараёнининг ташкил этилиши ва халқаро дастур асосида олиб борилаётган дарслар билан яқиндан танишди. Таълим сифати, амалий кўникмаларни шакллантириш жараёни, амалдаги ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.