Қуёшнинг тафтидан ранг олган чеҳралар
Қишлоқ одамлари бошқача-да – самимийлик, ростгўйлик, меҳнат шавқи уфуриб туради гўё уларнинг юзидан. Сўзларида шукроналик, кўзларида ғайрат ва ҳаётдан розилик балқиб туради.
Қишлоқнинг ўзига хослиги, файзи бу ерда яшаётган аёлларимиз, кайвони онахонлару дуогўй момолар билан янада яққолроқ намоён бўлади назаримда. Саҳармардонда кўчаларга сув сепиб супураётган келинчаклар, йўл четларига, уйлар олдига райҳону жамбил экиб, анвойи гуллар парваришлаб, орасталик, ободлик рамзига айланган қишлоқ аёлларининг орзулари ҳам мусаффо туйғуларга эш. Фарғонада ҳам файзли маҳаллаларда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз ҳар соҳада намуна бўлаётир.
– Қишлоқларимиз борган сари ободлашиб бормоқда. Йўлларимизга асфальт ётқизиляпти, янги корхоналар очиляпти, ишсизлик камаймоқда. Тадбиркорлик, деҳқончилик қиламан, деганлар учун имкониятлар талайгина. Томорқадан унумли фойдаланиш юксаляпти. Кимдир иссиқхона қуриб мўмай даромад топаётган бўлса, кимдир чорвачилик орқасидан тўйлар қиляпти, – дейди Қўштепа тумани ҳокими ўринбосари Марямхон Йўлдошева. – Янги автомобиль сотиб олаётганлар, ҳаж ва умра зиёратига бориб келаётганлар сафи йил сайин ортяпти. Буларнинг ҳаммаси одамларнинг турмуш тарзи яхшиланаётганидан, Президентимиз, ҳукуматимизнинг қишлоққа эътиборидан дарак беради. Аёлларимиз учун ҳам кенг имкониятлар яратиляпти. “Аёллар дафтари” орқали ишсиз, эҳтиёжмандлар моддий-маънавий қўлланяпти.
Ҳозир қишлоқларимизда бекорчи одамни топиш қийин. Кузак, йиғим-терим ишлари авжида. Кўкламдан бошлаб қилинган меҳнат самарасидан мамнун бободеҳқонларнинг қўли қўлига тегмайди. Янги марраларни кўзлаб, янаги йил ҳосили учун замин ҳозирлашга киришган фермерларнинг шашти баланд.

– Бу соҳани танлаганимдан афсусланмайман. Чунки фермерликнинг орқасидан тўйлар қиляпмиз, одамлар танияпти. Тўғри, аёлларнинг эркакларга қараганда ожиз жиҳатлари кўп, лекин ғайрат ва сабрда хотин-қизларимизни ўрнак қилиб кўрсатса бўлади, – дейди Риштон туманидаги “Агроном Алиев” фермер хўжалиги раҳбари Нодирахон Алиева. – Қишлоғимиз аёллари билан йил бўйи бирга меҳнат қиламиз, улар учун яхши шароитлар яратиш, имкон қадар кўмаклашиш ҳаракатидамиз. Фарзандларини ўқитишда ёрдамлашиш, юртимиз бўйлаб саёҳатга олиб бориш, байрамларда эътибор кўрсатиш, тўй-маъракаларда ёнида туриш одамга завқ бағишлайди. Уларнинг бахтдан ёришган юзларини кўришга интиламан. Бу йил фермер хўжалигимиз бир миллиард сўмдан ортиқ даромад қилмоқда. Ғалладан ҳосилдорлик 100 центнер, пахтадан эса 50 центнерга етди.
Гарчи одми кийинган, ўзига ортиқча оро бермаган бўлса-да, қишлоқ аёлларининг уй-рўзғори бутлиги, фарзандлар камолидан, қолаверса, қуёшнинг меҳрли тафтидан ёқимли ранг олган юзлари киши қалбига таскин бағишлайди. Уларнинг бахтли ҳаёт ҳақидаги соддагина, лекин меҳрли тушунчалари кўнгилларга сурур олиб киради.
Тандирдан узилган қайноққина пўрсилдоқ ноннинг тафти, кўйлаклар ёқасига қадалган қалампирмунчоқдан таралаётган ажиб ифор, шарафли меҳнат орасида шундоқ даланинг ўзида ёзилган камтарона дастурхонга тортилган таомнинг ҳузурбахш таъми, кечки салқинда уйга қайтар чоғи янграган беғубор кулгулар, тинчлигу хотиржамлик тилаб қилинган дуолар, қадоқ қўллардан куч олган юраклар дупури – булар қишлоқ аёлларининг ўзига хос гўзаллиги, таровати ва сеҳру жозибасидир.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири.