Қувноқ ва зукко ёшлар баҳси
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида «Ёшлар ойлиги» доирасида Қувноқлар ва зукколар кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда кўрик танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган олтита жамоа баҳслашди.
Мамлакатимизда ҳар доим ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида қаралган. Келажагимиз эгаларига мукаммал билим олиши, соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши, илм ўрганиб, касб эгаси бўлишлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан ёшлик даврини бемақсад ўтказаётган ёки бемаъни ишларга сарфлаётган ёшлар ҳам топилади. Кўрик-танлов давомида иштирокчилар айни дамда ёшлар ўртасида учраётган салбий ҳолатлар ёки иллатларни ҳажвий кўринишда намойиш этди.

Июнь ойида мамлакатимизда жумладан, Хоразмнинг барча ҳудудларда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида «Ёшлар ойлиги» ташкил этилди. Ойлик доирасида турли танловлар ташкил этилди.
Танлов давомида олий таълим муассасалари талабалари билан бир қаторда иштирок этган уюшмаган ёшлар жамоаси аъзолари ҳам ўз маҳоратларини намоён этди. Талабалар ҳам жамиятда учраётган турли иллатлар ва олий таълим тизимидаги айрим муаммоларни мутойибалар орқали кўрсатиб берди.
– Биз дарсдан ташқари пайтларда жамоамиз билан тайёргарлик кўрдик, – дейди ТТА Урганч филиали талабаси Жобир Мўталов. Биз албатта, бўлғуси тиббиёт ходимлари бўлганимиз учун ҳажвияларимиз ва саҳна кўринишларимиз ҳам кўпроқ тиббиёт билан боғлиқ бўлди. Рақибларимиз ҳам пухта тайёрланиб келган экан. Умуман барчамизнинг чиқишларимиз томошабинлар томонидан яхши кутиб олинмоқда. Бундан жуда хурсандмиз.

Кўрик-танлов иқтидорли ёшларни аниқлаш баробарида Урганч шаҳри аҳолиси, шунингдек унинг меҳмонларини ҳам бирдек хушнуд қилди. Истироҳат боғига дам олиш мақсадида келган аҳоли вакиллари ажойиб кечанинг гувоҳи бўлди. Ҳакамлар ёшларнинг маҳоратига, фуқаролар эса ҳакамларнинг адолатига баҳо берди. Танлов ниҳоясида биринчи ўринни олган жамоага ўн беш миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,ЎзА