Қувасой меваларига хорижда талаб катта
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятининг саноат шаҳри ҳисобланувчи Қувасойда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, электротехника, текстиль, қишлоқ хўжалиги драйвер соҳалари сирасига киради.
Қувасой шаҳар ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Салимжон Нишонқуловнинг айтишича, давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси туфайли сўнгги беш йилда ҳудудда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 баробарга ошди. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш ва валюта тушумларини ошириш борасидаги салмоқли ишлар натижасида ўтган йил мобайнида 42 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Шу тариқа якунига етган йилда хорижий инвестициялар ҳажми117,6 миллион долларни ташкил этди.
Айтиш жоиз, мева етиштириш ва экспорт қилиш бўйича Қувасой шаҳри миришкорлари вилоятда катта тажрибага эга ҳисобланади. Айниқса, Қувасой беҳиси, шафтоли, гилос ва олмаларига хорижда талаб ортиб бормоқда.
Шу кунларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида “Marwin Fruitline” МЧЖ томонидан мевани қайта ишлаш ва қуюлтирилган табиий шарбат ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Бу ерда ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
“Marwin Fruitline” МЧЖ умумий ер майдони 5 гектар бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 176,5 миллиард сўм ва лойиҳа доирасида 6,5 миллион доллар кредит маблағи жалб этилди. Мевани қайта ишлаш заводи ишга тушгач, йилига 3 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва асосан Европа давлатларига экспорт қилинади. Истиқболли лойиҳа 120 та юқори даромадли янги иш ўрини яратиш имконини беради.
[gallery-21695]
Қувасой шаҳрида ўтган йил мобайнида 20 га яқин экспортёр корхоналар томонидан 21 минг тонна мева-сабзавот хорижга жўнатилиб, 16.2 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА