Қутлуғ маҳалласи обод бўлмоқда
Андижон вилоятидаги танлаб олинган 4 та – Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод, Избоскан туманидаги Гулистон маҳаллаларида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла" дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу дастур асосида вилоят ҳокимлиги, Республика ишчи гуруҳи, мутасадди ва масъул ташкилотлар вакиллари томонидан маҳаллалардаги қурилиш, ободонлаштириш ва тарғибот ишлари юзасидан режалар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ маҳалласида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган Қутлуғ маҳалласидаги 800 дан ортиқ оилада 2 минг 772 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолиси асосан чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик ва узумчилик ортидан даромад топиб, тирикчилик ўтказади.
Маҳалладаги ҳар бир хонадон, ҳар бир кўчада ободонлаштириш, шунингдек, ичимлик суви, электр энергияси ҳамда табиий ва суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича олиб борилаётган ишлар маҳалла аҳлини беҳад қувонтирмоқда.
– Дастур доирасида маҳаллада Республика ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган, – дейди “Қутлуғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Эрқўзиев. – Вилоят, туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар вакилларидан тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир хонадонга кириб, ана шу хонадондаги шарт-шароитлар билан танишди, улар билан суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, маҳалла аҳлини қийнаётган муаммолар ўрганилди.
Ўрганишлар асосида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгиланиб, шу кунларда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маҳалланинг Тараққиёт, Ширин ва Наво кўчаларидаги ҳар бир хонадон ободонлаштирилмоқда, озодалигини сақлаш бўйича ишлар бажарилмоқда, деворлар, дарахтлар оқланиб, кўчалар, ариқлар тозаланмоқда.
Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида маҳалла ҳудудидаги ёғоч устунлар темир-бетон устунларга, мавжуд иккита трансформатор юқори кучланишлигига алмаштирилмоқда, яна иккита янги трансформатор ўрнатилмоқда, электр симлар ўрнига кабеллар тортилмоқда.
Маҳалла ҳудудидаги 11 километр узунликдаги йўлларни асфальтлаш белгиланган бўлиб, ҳозир Наво кўчасининг маълум қисми асфальтланди. Аҳолининг ҳамжиҳатлиги билан “Ташаббусли бюджет” онлайн танловида ушбу кўчанинг яна уч километр қисмини асфальтлаш бўйича лойиҳа ғолиб бўлди.
– Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан қалбимиз фахрга тўлади, – дейди Қутлуғ маҳалласининг Наво кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Муллаев. – Маҳалламиз туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ердаги ўзгаришлар, бунёдкорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишлар бизни беҳад қувонтиради. Илоҳим, мана шундай хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлсин.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Тараққиёт кўчасига 2 километр, Наво кўчасига 800 метр масофага йирик ўлчамдаги қувурлар ётқизилмоқда, ундан ҳар бир хонадонга алоҳида сув қувурлари тортилмоқда.
Ширин кўчасининг 400 метр қисмига кредит асосида узум токлари қуриб берилганлиги ҳам кўчадаги бўш турган ерлардан самарали фойдаланиш, одамларга қўшимча даромад топиш имконини берди.
Маҳаллада одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг-кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил бошида маҳалланинг “Аёллар дафтари”га 79 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг деярли барчасига зарур ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 16 нафар аёлга бир марталик ёрдам пули берилди, яна бир гуруҳ аёлларга субсидия ва кредит маблағлари ажратилди. Улар турли йўналишларда ўз хонадонида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, даромад топиш имконига эга бўлди.
Маҳаллага яқин ҳудудларда фаолият юритаётган трикотаж корхоналарига 17 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, яна бир гуруҳ опа-сингилларимизга деҳқончилик қилиш учун 15 сотихдан ер ажратиб берилди.
– Хонадонимизга 2 сотих майдонга кредит асосида иссиқхона қуриб берилди, – дейди маҳалланинг Ширин кўчасида яшовчи Тўлғаной Зулпиева. – Эрта баҳордан бодринг, помидор етиштириб, сотдик. Иккинчи бор экилган экинлар ҳосили ҳам тугаш арафасида. Умуман, иссиқхонадан яхшигина даромад олдик.
“Ёшлар дафтари”га 13 нафар йигит-қиз киритилган бўлиб, ҳозирга қадар 12 нафар ёшнинг муаммоси ижобий ҳал этилди, улар рўйхатдан чиқарилди.
– Мен Наманган Муҳандислик-технология институтида таҳсил оламан, – дейди Ойбек Абдурасулов. – Маҳалламизда иш олиб бораётган ёшлар етакчиси кўмаги билан ўқиш учун контракт тўловининг бир қисми Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилди. Бундан ота-онам, бутун оиламиз беҳад хурсанд бўлди.
Маҳалланинг Тараққиёт кўчасида яшовчи Авазбек Жўраев 2-гуруҳ ногирони, турмуш ўртоғи Муҳаббатхон фермер хўжалигида меҳнат қилади. Уларнинг икки нафар қизи бор. Яшаш шароитлари қийинроқ бўлгани учун маҳалла раиси, фаолларининг ташаббуси билан ҳашар асосида ўтган йили уларнинг уйи таъмирлаб берилган эди. Яқинда туман ҳокимлиги, саховатпеша инсонлар кўмагида ушбу оиланинг бир қизи бекаму кўст қилиб турмушга узатилди.
– Қизимга совчи келганида қувонган бўлсам, тўй қилиш ташвиши мени ўйлантирар эди, – дейди М.Жўраева. – Турмуш ўртоғим ногирон бўлса, ўзим ишлаб топган озгина маблағ билан тўйни ўтказиш ташвиши мени қийнарди.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, дунёда яхши инсонлар кўп экан. Туман ҳокимлиги, маҳалладошларимиз кўмагида тўйни бекаму кўст, жуда чиройли ўтказдик. Кўмакдан, эътибордан беихтиёр кўзларимдан қувонч ёшлари оқди. Биз каби қийин шароитда яшаётган инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмак учун аввало, юртбошимизга, барча яхши инсонларга мингдан-минг раҳматлар айтаман.
Кимдир уйининг кўча деаворларини оқлаяпти, яна кимдир сув таъминоти корхонаси ходимларига кўмак беряпти, қўйингки, ким бўш бўлсаки, ободонлаштириш ишларига ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Бўлаётган ишлардан одамларнинг руҳи кўтарилмоқда, эртанги кунга ишончи ортмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари, кўчабошилар, маҳалланинг "Оқила аёллар" ҳаракати фаоллари биргаликда маҳалладаги ҳар бир хонадонга кирилмоқда, улар билан суҳбатлар ўтказилмоқда, саломатликлари текширилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли вакиллари иштирокида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, хонадонлар покизалиги ва озодалигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлиги юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилмоқда.
[gallery-13686]
– Ҳудуддаги уч минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатамиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси Ёрқишлоқ бўлимининг Қутлуғ маҳалласидаги тиббиёт пункти потранаж ҳамшираси Ҳамидахон Юнусова. – Ҳар бир хонадонда бўлиб, аҳоли, айниқса, кексалар, ҳомиладорлар, ёш оналар, болалар, ногирон ва якка-ёлғиз яшовчи фуқаролар ҳолидан тез-тез хабар оламиз, уларнинг саломатлигини назорат қилиб борамиз, зарур тавсия ва маслаҳатлар берамиз.
Маҳалла ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Қутлуғ маҳалласи иккинчи сектор ҳудудига қиради. Шу боис ҳам, маҳалладаги 43- умумтаълим мактаби иккинчи сектор раҳбари, вилоят прокурори Маруфхон Хўжаев ташаббуси билан ҳашар асосида капитал таъмирланмоқда.
– Мактабимиз 180 ўринли бўлиб, дарслар тўла қирғиз тилида олиб борилади, – дейди мактаб директори Одинахон Бўтаева. – Мактаб биноси анча йиллардан буён таъмирланмаган эди. Бугун мактабимиз биносида вилоят прокурори ташаббуси билан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла" дастури доирасида олиб борилаётган юқоридаги каби улуғвор ишлар самарасида юртимиз, маҳалаларимиз обод бўлмоқда, халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланмоқда. Энг муҳими, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда, уларнинг давлатимизга, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА