Қушлар қанотли дўстимиз, уларни асранг
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида табиатни асрашга бағишлаб «Қушлар бизнинг қанотли дўстимиз» мавзусида тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Экология партияси туман кенгаши, 22-умумтаълим мактаби жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда экологлар, хаваскор қушбонлар ўқувчилар билан инсон ва табиат муносабатлари, ҳудуд экологияси, давлатимиз томонидан атроф муҳитни асрашда амалга оширилаётган ишлар, ҳозирги глобаллашув жараёнида атроф муҳит, жумладан қушларни асрашда юзага келаётган муаммолар ҳақида суҳбатлар ўтказди.
Тадбир давомида ўқувчилар Бобур маҳалласида Хожиевлар хонадонида қушларнинг уй шароитида боқилиши билан танишди. Ҳаваскор қушбонлар билан суҳбат давомида ўқувчилар қанотли мўъжизалар ҳақида қизиқарли маълумотлар олди.
Табиатни асрашга бағишланган тадбирлар ушбу мактабда доимий ўтказиб турилади. Боиси, мактаб Жиззах вилояти табиатининг ноёб гўшаси – Арнасой кўллари яқинида жойлашган. Кўл ва кўл атрофидаги сув ҳавзаларида ўлкамизда доимий яшовчи ҳамда мавсумий қўниб ўтувчи қушларнинг халқаро ва республикамиз «Қизил китоб»ларига киритилган кўплаб турлари учрайди.
Ўзбекистон сув ва суволди табиатини асраш бўйича 2001 йилда халқаро Рамсар конвенцияга қўшилгандан сўнг ва республикамиздаги Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими бутунжаҳон рўйхатига кирилган. Бугунги кунда ушбу кўлларда учрайдиган турлар муҳофазасини кучайтириш, улар сонини кўпайтириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда
Кейинги йилларда Рамсар конвенциясининг мазмун-моҳияти янада кенгайди. Эндиликда унга аъзо давлатлар сув ва суволди қушларини муҳофаза қилиш баробарида, бутун экотизимни сақлаб қолишга қаратилган вазифаларни бажаришга жиддий эътибор қаратмоқда.
– Табиатни асрашда аҳоли, айниқса ёшларнинг экологик билимли бўлиши жуда муҳим, – дейди Ўзбекистон экология партияси Арнасой туман кенгаши раиси Улуғбек Қўчқоров.
– Партиямиз дастурида белгиланган вазифалар асосида ёшларнинг она табиатга меҳрини кучайтиришда таълим муассасалари, экология ташкилотлари билан доимий ҳамкорлик қилиб келаётирмиз. Бунда бевосита Арнасой кўлларига яқин ҳудудлардаги мактабларда табиатни муҳофаза қилиш тарғиботига алоҳида эътибор қаратаётирмиз. Ушбу йўналишдаги ишларда таълим муассасаларидаги табиий йўналиш бўйича тўгараклар фаолиятини кучайтиришнинг, ўқувчиларни ўзлари яшаётган жой наботот ва хайвонат дунёси билан яқиндан таништиришнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда халқаро «Қушлар куни» муносабати билан ўтказилган ушбу «Қушлар бизнинг қанотли дўстимиз» байрами ҳам қизиқарли ва фойдали бўлди.
Вилоятнинг Арнасой, Фориш туманларининг кўл яқинидаги мактабларда ёш орнитологлар тўгараклари фаолият кўрсатаётир. Бу тўгараклар билан «Нурота» давлат қўриқхонаси, Айдар-Арнасой кўлидаги давлат бионазорат постлари, Ўзбекистон қушларни қўриқлаш жамияти ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўқувчилар экология мутахассислари билан биргаликда турли кузатишларда, қушлар саноғида иштирок этишмоқда. Болаларнинг бу ишда табиатни муҳофаза қилиш ташкилотларига кўрсатилган кўмаги унча катта эмасдир балки. Аммо бундай тадбирлар ўқувчиларнинг юртимиз табиатини ўрганишларида, уни янада севишларида катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.
Т. Бекназаров, ЎзА