Қуролга оид қонун кучга кирди
Хабарингиз бор, жорий йил 31 майда давлатимиз раҳбари “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Мазкур қонун сентябрь ойи бошида кучга кирди. Чунки қонунда расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Қонуннинг 2-моддаси 4-банди ва 3-моддаси 4- 7-бандлари эса декабрь ойида амалга киритилади.
Айтиб ўтиш керакки, амалдаги “Қурол тўғрисида”ги қонун билан ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, тиғли, улоқтириш қуроли ва электрошок қурилмаларига эгалик қилишга рухсат берилган.
Бироқ, ўқотар бўлмаган юқорида кўрсатилган қуролларга ноқонуний эгалик қилганлик учун эса қонунчилигимизда жавобгарлик мавжуд эмас эди.
Ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилиш, яъни уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш, таълим муассасаларига олиб бориш ва ҳоказо ҳолатларда қурол эгаси ундан турли жиноий мақсадларда фойдаланмаслигига эса кафолат йўқ.
Шу боис, қонун билан амалдаги иккита кодекс ва олтита қонунга ўзгартишлар киритилди. Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни амалга ошириш функциялари Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказилди.
Ўқотар бўлмаган қурол билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш цензи йигирма беш ёш этиб белгиланди (илгари йигирма бир ёш эди).
Бундан ташқари, фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди.
Қонун билан Жиноят кодексининг 249-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Ўзгартиришларга кўра, жиноий жавобгарлик ўқотар қуролни ва унинг ўқ-дориларини, шунингдек пневматик қуролни, тиғли совуқ қуролни (ов пичоқларини, ов ханжарчалари ва ханжарларни, рапиралар, шпагалар ва қиличларни), улоқтириш қуролини (камонлар, арбалетлар ва найзаларни), сигнал берувчи қуролни сақлаш, олиб юриш, ташиш қоидаларини бузиш одамнинг ўлимига ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса юзага келади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорлари оширилди. (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 220-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш; пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли лицензияларисиз ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддаси 2-қисми янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, йўловчиларга совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш тақиқланди.
Элбек Усанов,
Миробод тумани ички ишлар
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш
бошқармаси масъул ходими.