Қурилишда сифат ва самарадорлик доимо эътиборда
Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси янгитдан таъмирланган бинода иш бошлади.
Мазкур инспекция қурилиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириб келаётган бўлиб, сўнгги йилларда соҳа тўлиқ рақамлаштирилди. Бугунги кунда вилоятда ушбу тизимда 86 нафар ходим меҳнат қилмоқда.Уч қаватли замонавий бинода ходимлари учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, объектларда шаффофликни таъминлаш мақсадида инспекцияда оператор штаби ташкил этилиб, қурилиш кетаётган объектларни реал вақт режимида кузатиб бориш учун монитор ўрнатилди. Инспекторлар планшет ва боди камералар билан таъминланди.
Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 119 та объектлар рўйхатдан ўтган. Қурилиш объектларида 7 минг 602 та назорат текширувлари ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этишга 5333 та ёзма кўрсатмалар берилган. Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 99-моддасига асосан қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун 584 та ҳолатда маъмурий чоралар кўрилган. Объектларда 332 та ҳолатда сифатсиз ишлар аниқланиб, Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича вилоят ва ҳудудий туман-шаҳар штабларига маълумот киритилган.
[gallery-20885]
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА