Қурилиш соҳасидаги назоратга сунъий интеллект босқичма босқич жорий этилмоқда
Президентимизнинг 2025 йил 14 апрелдаги тегишли фармонига асосан ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳудудий инспекцияларда “Қурилиш обектларини онлайн кузатиш маркази” фаолияти йўлга қўйилди ҳамда “ianazorat.uz” платформаси ишга туширилди.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида ҳам обектларга ўрнатилган кузатув камералари ушбу платформага интеграция қилиниб, қурилиш жараёнлари масофадан туриб доимий мониторинг қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 14 апрель куни ўтказилган Уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, аввал кузатув камералари асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилаётган обектларга ўрнатилиши белгиланган бўлса, эндиликда тизим имкониятлари янада кенгайтирилиб, қиймати 3 миллиард сўмдан юқори ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтган обектларни ҳам босқичма-босқич онлайн кузатув тизимига улаш вазифаси белгилаб берилди.
- Ҳозирги кунда Хоразм вилояти бўйича 100 тадан зиёд обектларга 400 тадан ортиқ кузатув камералари ўрнатилиб, тизимга уланган, - дейди вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Қаландарова. - Жорий йилнинг 1 августига қадар қўшимча 270 та объектни тизимга улаш режалаштирилган.
[gallery-29700]
Бундан ташқари, назорат тадбирларига жалб қилинган махсус гувоҳномага эга ходимларимиз замонавий планшетлар, маъмурий баённома расмийлаштириш учун мўлжалланган махсус планшетлар ҳамда боди камералар билан таъминланган. Энг муҳими, боди камералар орқали олиб борилган назорат жараёнлари ҳам Онлайн кузатиш маркази орқали мониторинг қилинмоқда. Бу эса тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА