Қурилиш соҳасидаги мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада парламент назоратини ўрнатиш мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш имконини беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг қўшма йиғилишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани юзасидан ахбороти эшитилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, вазирлик томонидан аҳоли билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Вазирликка жорий йилнинг 9 ойида жисмоний ва юридик шахслардан жами 14 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 64 фоизи қурилиш ва бино-иншоотларга тегишли масалаларга оид, 20 фоизи уй-жойларнинг умумий мулкини сақлаш ва таъмирлаш ҳамда бошқарув ташкилотларининг фаолияти бўйича, 3 фоизи иссиқлик таъминотига тегишли масалалар юзасидан, 13 фоизи турли соҳаларга оид мурожаатлардан иборат.

Мурожаатлардан 54 фоизи ижобий ҳал этилган, 33 фоизига тушунтириш берилган.
Соҳада аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва такрорий мурожатлар келиб тушишининг олдини олиш мақсадида мурожаатлар сони ошган ҳудудларга алоҳида эътибор берилган ҳолда Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда 19 маротаба сайёр қабул ташкил этилган.
Аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш соҳасида давлат назорати такомиллаштирилган ва объектларда назорат ўрнатиш бўйича «Қурилиш назорати» ахборот тизими жорий этилган. Шунингдек, 225 та шаҳарсозлик ҳужжатлари, жумладан 11 та шаҳар ва 50 та шаҳарчалар бош режалари, 42 та ҳудудларнинг мастер режалари ҳамда 122 та қишлоқларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ишлари йўлга қўйилган.

–Жорий йилда вазирликка Олий Мажлис палаталари томонидан архитектура ва шаҳарсозлик, ўзбошимча қурилмалар ўрнатиш, ичимлик суви ва оқова таъминоти, кўп хонадонли уйларни бошқариш ва бошқа шу каби масалаларга оид 130 га яқин мурожаат жўнатилган, – деди депутат И.Хушвақтов. – Хусусан, Тошкент шаҳар Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқароларнинг кўп қаватли уй-жойнинг зилзилага бардошлилиги юзасидан мурожаати, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқароларнинг кўп қаватли уй олдида автотураргоҳ қуриш бўйича мурожаати, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани аҳолисининг саломатлик йўлакчасининг сифатсиз қурилишини олдини олиш юзасидан мурожаатлари ижобий ҳал этилган. Аммо айрим мурожаатларга етарлича эътибор қаратилмаган.
М.Комилова, ЎзА