Қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди
Август ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда анъанавий тарзда Қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана замирида минглаб қурувчилар, меъморлар, муҳандислар, лойиҳачилар ва соҳа мутахассисларининг машаққатли меҳнати мужассам.
Бугун уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик қиёфаси шаклланмоқда. Шу боис мазкур сана нафақат касб байрами, балки қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш, эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва келгуси мақсадларни белгилаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Қурилиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари, қурилиш соҳаси фахрийлари, тизимдаги меҳнат жамоалари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ўқиб эшиттирди.
Давлат раҳбари ўз табригида мамлакатимизда қурилиш соҳаси сўнгги йилларда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланганини таъкидлади. Сўнгги 9 йилда мамлакатимизда 210 миллион квадрат метрдан ортиқ бино ва иншоотлар барпо этилди. 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бу натижалар юз минглаб оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни замонавий ва қулай турар жойлар билан таъминлаш имконини кенгайтирди. Ўтган йилнинг ўзида 135 мингта хонадонга эга уй-жойлар барпо этилган бўлса, жорий йилда яна 140 мингта янги хонадон фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2040 йилга қадар мамлакатимизда йилига барпо этиладиган уй-жойлар сонини 280 мингтага етказиш, «Янги Ўзбекистон» массивлари сонини эса 61 тадан 120 тага кўпайтириш мақсад қилинган. Қурилиш ишлари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Хусусан, бу кўрсаткич 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан 314 триллион сўмга етди. Бугун қурилиш соҳаси иқтисодий ўсишни жадаллаштирувчи, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи стратегик йўналишга айланган. Қурилиш, қурилиш материаллари саноати ҳамда унга яқин тармоқларда 3,5 миллиондан ортиқ фуқаро меҳнат қилаётгани бунинг яққол далилидир.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов соҳа ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини самимий муборакбод этди.
– Қурилиш соҳасидаги муҳим ўзгаришлардан бири маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўлди. Қурилишга рухсат бериш босқичлари 3 баробар, жараёнларнинг амалга оширилиш муддатлари эса 4 баробар қисқартирилди. Бу тадбиркорлар ва инвесторлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириб, янги лойиҳаларни қисқа муддатларда амалга ошириш имконини бермоқда, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов. – Сўнгги йилларда соҳада рақамли трансформация ҳам янги босқичга кўтарилди. «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида 25 та замонавий ахборот тизими ва электрон платформа ишга туширилди. Қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг электрон рейтинги, давлат харидларининг электрон тендер платформаси, назорат жараёнларининг рақамлаштирилиши очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим омилга айланди. Натижада бугунга қадар 72 мингдан ортиқ электрон тендер орқали қиймати 83,9 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилди. Бу жараёнларда давлат бюджети маблағларидан 4,2 триллион сўм иқтисод қилинди.
[gallery-30794]
Давлат назорати тизими ҳам янги босқичга кўтарилди. Бугунга қадар 66 мингдан ортиқ қурилиш объекти электрон рўйхатга олинди, 800 мингдан зиёд мониторинг ўтказилди. Бу қурилиш жараёнларини реал вақт режимида кузатиш, аниқланган камчиликларни тезкор белгилаш ва уларни бартараф этиш имконини яратмоқда. Соҳада сунъий интеллект ечимларини жорий этиш ишлари ҳам бошланди. «Шаффоф AI» экотизими орқали лойиҳа ҳужжатларини автоматик таҳлил қилиш, экспертиза жараёнларини рақамлаштириш ва инсон омилини камайтиришга қаратилган янги механизмлар босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Бу жараёнлар қурилиш соҳасида қарор қабул қилиш сифатини ошириш, вақт ва маблағни тежаш, назорат самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бунёдкорликнинг бугунги қиёфасини мамлакатимизда амалга оширилаётган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жорий йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Бурҳониддин Марғиноний туризм маркази каби ноёб маданий-маърифий иншоотларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказишда фидойи қурувчиларнинг ҳиссаси беқиёс бўлмоқда.
Пойтахтимиздаги Янги Тошкент, Тошкент вилоятидаги Нурафшон, Андижон вилоятидаги Бобур, Фарғонадаги «Эко-шаҳар», Самарқанддаги «Ширин», Хоразмдаги «Ал-Хоразмий» шаҳарлари каби мегалойиҳалар янги муҳандислик ечимлари ва «яшил» қурилиш тамойиллари асосида мамлакатимиз шаҳарсозлиги тарихида янги саҳифа очмоқда. Хоразм вилоятида 130,5 гектар майдонда барпо этилаётган «Ал-Хоразмий» шаҳарчасида 8 минг ўринли IT университети, технопарк, инновация марказлари ҳамда 5,7 мингдан ортиқ хонадонли замонавий турар жойлар қурилмоқда.
Андижонда 4 минг гектар майдонни эгаллаган «Бобур» шаҳри 411 минг аҳоли учун мўлжалланган. Бу ерда 40 минг хонадонли 2 мингта кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда 3 940 хонадонли уйлар, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари фойдаланишга топширилди. Шаҳарда 25 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шунингдек, Бобурийлар меросига бағишланган тематик парк ҳам қад ростламоқда. Самарқандда 665 гектар майдонда 60 минг аҳолига мўлжалланган «Ширин» шаҳри, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида эса 85 гектар майдонда 60 минг аҳоли учун замонавий шаҳарча барпо этилмоқда.
Қўқонда 25 минг аҳолига мўлжалланган янги массив, Марғилонда 20 минг аҳоли учун «Янги Ўзбекистон» массиви ҳамда Бурҳониддин Марғиноний илмий-тадқиқот ва туризм мажмуаси, Қамаши туманида эса 66 гектар ҳудудда янги турар жой ҳудуди барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида минглаб хонадонлар билан бир қаторда замонавий мактаблар, болалар боғчалари, поликлиникалар, университетлар, илмий марказлар, бизнес-инкубаторлар, меҳмонхоналар, боғлар ва дам олиш масканлари ҳам барпо этилмоқда.
Бугун қурилиш соҳасидаги ўзгаришлар фақат янги бинолар ва иншоотлар барпо этиш билан чекланмаяпти. Замонавий шаҳарсозлик, рақамлаштириш, «яшил» технологиялар, сунъий интеллект ва инновацион муҳандислик ечимларининг жорий этилиши соҳанинг мазмун-моҳиятини ҳам ўзгартирмоқда. Энг муҳими, барпо этилаётган янги шаҳар ва массивларда инсон учун қулай яшаш муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турар жойлар билан бир қаторда ижтимоий объектлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва сервис объектлари, яшил ҳудудларнинг барпо этилаётгани бугунги шаҳарсозлик ёндашувининг муҳим белгисидир.
Шу маънода, Қурилиш соҳаси ходимлари куни — ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган қурувчи ва мутахассисларнинг фидойилигини эътироф этиш баробарида, мамлакатимиздаги бунёдкорлик суръатлари, соҳадаги ислоҳотлар ва келгуси улкан вазифаларга назар ташлаш учун ҳам муҳим фурсатдир. Зеро, бугун қад ростлаётган ҳар бир бино ва иншоот, ҳар бир янги маҳалла ва шаҳар — нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар учун яратилаётган муносиб ҳаёт муҳитининг пойдеворидир.
Тантанали маросим сўнгида соҳа ходимлари учун таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Қурилиш соҳаси ходимлари куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига кўра, 2017 йилдан буён август ойининг иккинчи якшанбасида нишонлаб келинади.
Шаҳноза Маматуропова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА