Қурилиш объектлари танқидий ўрганилди
Тошкент вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари томонидан Тошкент туманида бунёд этилаётган ҳамда фойдаланилаётган бир қатор объектларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жараёнда масъуллар кўп қаватли тураржой объектида айрим газоблок деворлар тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига зид равишда қурилгани аниқланди. Ҳолат жойида кўриб чиқилиб, лойиҳа талабларига мос келмайдиган қисмлар буздирилди ҳамда қурувчи ташкилотга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, саноат ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш цехидаги объект фойдаланишга қабул қилинмасдан туриб фаолият юритиб келаётгани ҳам маълум бўлди. Тадбиркорга зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тушунтирилиб, ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида цех фаолиятини вақтинча тўхтатиш лозимлиги айтилди. Яна бир турар жой мажмуасида эса объект фойдаланишга топширилмасдан туриб аҳоли яшаётгани аниқланди. Қурувчи ташкилотга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш ва объектни фойдаланишга қабул қилдириш бўйича кўрсатмалар берилди. Амалдаги тартибга кўра, фойдаланишга қабул қилинмаган бинолардан фойдаланиш фуқаролар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мутахассислар таҳлиллари бўйича 2026 йил бошидан буён Тошкент туманида 1 минг 90 та мониторинг тадбири ўтказилиб, 315 та қурилиш объектида турли камчилик ва қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, май ойи якунигача масъул ташкилот ва шахсларга нисбатан 234 та кўрсатма расмийлаштирилган.
Қурилиш инспекцияси томонидан назорат тадбирлари давом этмоқда.
А. Мусаев, ЎзА