Қурилаётган иншоотларнинг ҳолати ўрганилди
Қарор ва ижро
Бош прокурор ўринбосари С.Самадов томонидан Тошкент вилоятида амалга оширилаётган қурилишга оид давлат дастурлари ижроси ўрганилди.
Жумладан, Зангиота туманидаги “М39 Тошкент ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 51-56 километр қисмини реконструкция қилиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Бу ерда масъулларга қурилиш жараёни автомобиль қатновига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозимлиги тушунтирилди. Шу сабабли пудратчи корхонага ишчи кучи ва техника сонини кўпайтириш ҳисобига объектни қисқа муддатда фойдаланишга топшириш тавсия қилинди.

Шундан сўнг Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 - 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича мазкур тумандаги бир қатор объектлар ўрганилди. Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли патологоанотомия бўлими, Фаробий маҳалласида янги умумтаълим мактаби қуриш, Жамоат хавфсизлиги университети учун махсус полигон қуриш, ёнғин ўчириш депосини реконструкция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бўйича фикрлашилди.

Ушбу объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига киритилган иш турлари ҳудудий штабда қайта кўриб чиқилиб, оптималлаштирилиши, сифатсиз бажарилган ишлар қисқа муддатда бартараф этилиши ҳақида топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди. Бундан ташқари, ҳозир Зангиота туманида 130 гектар ер майдонида ташкил этилаётган “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини қуриш жараёнлари билан ҳам танишилди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири