“Қозояқли-обод”га ичимлик суви тортилади
Бугун мамлакатимизда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жойлардаги муаммоларни бевосита фуқаролар иштирокида ҳал этишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилган.
Хусусан, “Ташаббусли бюджет” тизими орқали аҳоли ўзларини қийнаётган масалаларни илгари суриш ва уларни молиялаштириш имкониятига эга бўлмоқда. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда ижтимоий аҳамияти жуда юқори бўлган лойиҳалар турли сабабларга кўра етарлича овоз тўплай олмасдан, ғолиблар қаторидан четда қолмоқда.
Айнан шундай вазиятларда халқ вакиллари – депутатларнинг фаол аралашуви ва масъулияти аҳоли муаммоларига амалий ечим топишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қозояқли-обод” қишлоғидаги ҳолат бунинг мисолидир.

Ушбу ҳудуд аҳолиси бир неча йиллардан буён ичимлик суви танқислиги муаммоси билан яшаб келаётган эди. Қишлоқда 60 дан ортиқ хонадон мавжуд бўлиб, аҳоли кундалик эҳтиёж учун сувни узоқ масофадан ташиб келишига тўғри келарди. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида, шунингдек, куз ва баҳор фаслларида бу ҳолат жиддий қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди.
Мазкур муаммо “Ташаббусли бюджет” жараёнида кўтарилган бўлса-да, етарлича овоз тўплай олмагани сабабли амалга ошмай қолган. Бироқ аҳолининг мурожаати ва жойлардаги ҳолатни чуқур ўрганиш натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Рашидова ташаббуси билан ушбу муаммони ҳал этиш масаласи илгари сурилди.
Натижада, қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиши таъминланди. Бу эса нафақат ҳудуд аҳолиси учун қулайлик яратиш, балки уларнинг турмуш сифати ва санитария шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
– Сувни узоқ жойдан ташиб келамиз. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида бу жуда оғир кечади. Йиллар давомида ечилмай келаётган муаммо эди, – дейди ушбу ҳудудда яшовчи фуқароларидан бири Асаматдин Қойлибаев.
Ушбу ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто, “Ташаббусли бюджет” орқали ечим топмаган масалалар ҳам депутатлар ташаббуси ва масъулияти орқали ижобий ҳал этилиши мумкин. Халқ манфаатини ҳимоя қилиш, жойлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларга амалий ечим топишда депутатлар фаолиятининг аҳамияти беқиёсдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.