Қозоғистон ёнилғи экспортининг олдини олиш учун транспорт воситалари кириб-чиқишини қаттиқ текширмоқда
Қозоғистон ёнилғи-мой материаллари ноқонуний экспортининг олдини олиш учун давлат чегарасидан транспорт воситалари кириши ва чиқишига муайян чеклов қўйди.
Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Қайирхон Тутқишбоев маълум қилди. Таъкидланишича, Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош ҳудудларида ёнилғи истеъмоли кескин ошган. Умуман, ички бозорда тақчиллик сезилгани йўқ.
– Ҳозир асосий эътибор ноқонуний экспорт учун қўшимча ёнилғи идишидан фойдаланаётган транспорт воситаларини аниқлашга қаратилган, – деб таъкидлаган мулозим. – Бу иш Ички ишлар вазирлиги, Молиявий мониторинг агентлиги, Чегара хизмати ва божхона идоралари томонидан биргаликда амалга оширилмоқда.
ИИВ хабарига кўра, 2026 йил бошидан бери Қозоғистон ёнилғи-мой материалларини чегарадан ноқонуний олиб ўтишга уриниш билан боғлиқ 255 ҳолатни фош қилди. Айни жараёнда 195 чет эллик, 60 нафар маҳаллий фуқаро иштирок этган. Қоидани бузганлар ўз транспорт воситасига ноқонуний тарзда ўрнатилган қўшимча ёнилғи идишидан фойдаланган.
Ҳаракатни кузатиш учун чегара ҳудудларида 59 полиция пости фаолият юритмоқда. Транспорт воситаси турли ёндош давлат идоралари ходимлари иштирокида текширилади. Ноқонуний ёнилғи баки олиб ташлангандан сўнг, транспорт воситаси эгасига қайтарилади.
С.Раҳимов, ЎзА