Қозоғистон Ўзбекистоннинг улкан ютуқларини эътироф этмоқда
4-5 март кунлари Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ерали Тугжанов бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни меҳмонлар пойтахтимиздаги Президент мактабига борди.
Мамлакатимиздаги Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлиши шубҳасиз. Зеро, бундай ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга кучли сабоқ ва тарбия бериш бўйича яратилган яхлит тизим асносида вужудга келмоқда. Ушбу мактабларда таълим жараёни ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ана шундай илм даргоҳларининг биринчисидир.
Меҳмонларга мазкур ўқув маскани ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ерда энг иқтидорли ўғил-қизлар яшаши, ўқиши, дам олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан таништирилди. Дарс тайёрлаш, синфдан ташқари ўқиш, бошқа турли машғулотлар билан шуғулланиш, овқатланиш, ҳордиқ чиқариш ва ётоқ учун мўлжалланган барча хоналар, бино ва иншоотлар бир-бирига уйғун, энг сўнгги замонавий талаблар даражасида барпо этилгани, мактаб барча зарур ва илғор технологиялар асосидаги ўқув жиҳозлар, ускуналар билан таъминлангани делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг Қозоғистон делегацияси Болалар миллий тиббиёт марказига ташриф буюрди. Тўрт қаватли, замонавий янги бинода жойлашган мазкур мажмуа таркибида болаларга тиббий хизматнинг турли шакл ва босқичлари тақдим этиладиган жарроҳлик маркази, нейромарказ, кардиомарказ, гемодиализ, радиология, нуклеар тиббиёт, уро-нефро марказ сингари 10 дан зиёд бўлимлар, поликлиника, лаборатория, тез ёрдам хизмати, дорихона ҳамда “KOICA” ўқув маркази фаолият кўрсатади. Бу ерда мижозлар учун буфет мавжуд, болалар учун ўйин майдончаси ҳозирланган.
– Биз жуда замонавий, айнан болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида барпо этилган ажойиб мажмуани томоша қилдик, – дейди Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой. – Яққол кўриниб турибди, ушбу шифохона энг илғор халқаро меъёрларга жавоб бера олади. Бу ердаги бўлимларнинг барчаси энг сўнгги авлодга хос, янги технологияларга асосланган тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Барчага аён, бу жиҳат тиббиётда ҳам жуда муҳим, яъни ҳозирги даврда замонавий асбоб-ускуналарсиз ҳеч бир соҳада юқори самарадорликка эришиб бўлмайди. Мен бир неча шифокор билан суҳбатлашиб, мутахассис сифатида ишонч ҳосил қилдимки, марказда фаолият олиб бораётган ходимлар малакаси ҳам бугунги кун талабларига тўла мос келади. Болалар ҳар қандай давлатнинг келажагидир. Шу боис тиббиёт соҳаси вакиллари улар саломатлигини муҳофаза қилиш доимо энг устувор вазифалардан бири, деб билишади.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти эгалари бўлган ёш авлод учун яратилган мана шундай шароитлар делегациямиз аъзоларини жуда хурсанд қилди. Биз марказга ўз фарзандларини етаклаб келган оталар, оналар тақдим этилаётган хизматдан мамнун эканига гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, одамлар давлат ҳеч қачон ўз фарзандларини эътиборсиз қолдирмаслигини, уларга ҳамиша чексиз ғамхўрлик кўрсатишини дилдан ҳис қилиб турибди. Бу аҳоли саломатлигини асраш мамлакатда энг устувор йўналишлардан бири этиб белгиланганидан далолат.
Болалар миллий тиббиёт марказини бой таассурот билан тарк этаркан, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ерали Тугжанов мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Қардош меҳмонлар учун тузилган дастурдаги навбатдаги манзил пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбаралари бўлди.
[gallery-1436]
Тошкент шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманидаги Шайх Хованди Тоҳур мажмуаси ҳудудида, кўҳна қабристоннинг шимолий қисмида жойлашган Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараси пишиқ ғиштдан, чортоқ тарҳли, қўш қават гумбазли қилиб қурилган. Маълумки, бу икки шахс қозоқ биродарларимиз учун бегона эмас. Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти тарихидаги энг улуғ шахслардан бири Ҳожа Аҳмад Яссавий, Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий Алибий ўғли (Қалдирғочбий) маънавий ҳамда руҳий дунёси бир-бирига яқин, эътиқоди, ҳаётий тамойиллари, фаолияти йўналишлари муштарак уламолар ҳисобланади. Шайх Хованди Тоҳур бобомиз бутун умри давомида элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган. Тўлабий Алибий ўғли (Қалдирғочбий) ҳам халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида беқиёс хизмат қилиб, элни бирликка бошлаган.
Халқларимиз буюк аждодларини доимо ҳурмат қилиб келган. Ўзбекистон заминида дафн этилган қозоқ халқининг ардоқли фарзанди ўз даврининг таниқли қозиси сифатида танилган Тўлабий "Жети Жарғи" қонунлар тўпламини тузган муаллифлардан биридир. У васиятига кўра пири Шайх Хованди Тоҳур қабри ёнига дафн этилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон заминида мангу қўним топган қозоқ халқининг буюк фарзанди Тўлабий мақбарасини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мақбара қайта таъмирланиб, муқаддас қадамжога айлантирилди. Икки халқ бирдамлигини таъминлаш йўлида қилинаётган ишлар қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамламоқда.
Меҳмонлар икки буюк шахснинг қадамжоларини зиёрат қилди.
Ташриф доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигида мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирокида бўлиб ўтган учрашувда меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳамкорлигида коронавирусга қарши ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси бўйича тақдимот намойиш этилди.
Маълумки, Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd» компанияси Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши вакцина яратишдаги ҳиссаси ва cаъй-ҳаракатларини инобатга олиб, «ZF 2001» вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Шундан сўнг янги вакцинани «ZF-UZ-VAC 2001» номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишилди.
Тақдимот чоғида ушбу препаратни яратишда бевосита иштирок этган мутахассислар вакцинани ишлаб чиқиш жараёни, хусусиятлари, аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ва вакцинани маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Мамлакатимизда мазкур вакцинанинг барча хавфсизлик кўрсаткичлари синовдан ўтказилди, ижобий натижалар ҳамда Этика қўмитаси махсус хулосалари асосида аҳоли орасида учинчи босқич клиник синовларга йўналтирилди.
Бугунги кунгача клиник синов талабига мувофиқ, 10 минг нафарга яқин кўнгилли эмланган, уларда ножўя таъсирлар кузатилмаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ўз вакцинасини яратиш йўлида муваффақиятли изланишлар олиб борилаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Қозоғистон делегацияси раҳбари Ўзбекистонни COVID-19 га қарши вакцина яратишга жазм этган саноқли мамлакатлардан бири эканини эътироф этиб, бу борада эришилган натижаларни юқори баҳолади.
Шу куни қозоғистонлик меҳмонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва “AKFA Medline” хусусий кўп тармоқли тиббиёт марказини ҳам бориб кўрди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА