“Қовун сайли – 2026” Гиннес рекордлари китобига киритилди
Хоразмда анъанавий “Қовун сайли” халқаро фестивали якунланди. Уч кун давом этган фестиваль Хивани миллий қадриятларга, турли маданият, санъат ва сайёҳлик жозибасига эга бўлган гўзал майдонга айланди.
Хива темир йўл вокзалидан тўғри “Ичан қалъа”га олиб борувчи очиқ осмон остидаги туристик аллея(хиёбон)да эртакмонанд кичик шаҳарча барпо этилди. Мазкур шаҳарчада қурилган павильонлар бамисоли полиз экинларидан бунёд этилган муҳташам саройларга ўхшайди. Бир ва икки қаватдан иборат кошоналар қишлоқ хўжалиги, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари билан безатилган. Сунъий фаввора ариқчаларда муздай сувлар оқиб турибди. Павильонлар оралаб юрар экансиз, бир-биридан ширин қовунларнинг хушбўй ҳидлари димоғингизга урилади.
Ҳазорасп туманида жорий йилда 300 гектардан ортиқ майдонга турли қовун навлари экилди. Уларнинг уч ярим минг тоннаси экспорт бўлиши кутилмоқда. Айниқса, туманда етиштирилган “бўри калла”, “суюнчи”, “Кўкча” ва “Заргулоби” каби қовун турига хорижий бозорларда талаб юқори.
– Биз Ҳазорасп туманидан қовуннинг 40 турдан ортиқ навларини олиб келдик, – дейди тажрибали деҳқон, меҳнат фахрийси Рустам ота Ҳожиев. – Уларнинг ичида “Полизлар султони” гурвакдан тортиб, бир неча йиллар олдин йўқолиб кетган “кўк қовун”гача бор. Туманимиздаги полизкорлар селекционер олимлар билан биргаликда йўқолиб кетган қовун навларини қайта тиклашдан ташқари, умуман янги навларни яратмоқда. Бугунги фестивалда уч турдаги гурвак қовунини намойиш этмоқдамизки, улардан икки нави янги яратилган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бу ерга фақат ёзги қовунларни келтирдик. Ҳали далаларда қишки қовунлар турибди. Уларнинг турлари ҳам ўттиздан ортиқ. Биз ҳар йили шу фестивалда иштирок этиб, бошқа полизкорларнинг тажрибаларини ҳам, ўрганиб кетамиз. Янги навдаги қовун уруғларини алмашамиз. Кейинги сафар натижалар билан ўртоқлашамиз.
Бири-биридан чиройли ва ҳашамдор қилиб қурилган павильонларда Хоразмда етиштириладиган барча қовун турлари, улардан тайёрланган ширинликлар, турли ичимликлар ва бошқа озиқ-овқатлардан татиб кўриш имконияти хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун яратилган. Йилдан – йилга географик қамрови ҳам, мақсади ҳам улғайиб бораётган “Қовун сайли” сайёҳлар учун аллақачон ташриф қоғозига айланиб улгурди. Ўтган йилги фестиваль таърифини эшитганлар бу сафар ўз кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлиш учун келишган.
– Ўтган йили фестивални телевизор орқали кўриб жуда ҳавасим келганди, дейди Фарғона шаҳридан келган Ўткир Ўролов. – Хивага фестивалда иштирок этиш учун бир ҳафта олдин келдим. Уч кун давомида жуда ҳузурланиб дам олмоқдаман. Ҳар куни, ҳар дақиқа байрам, шоду хуррамлик. Ўйин-кулги, турли таомлар, қовундан тайёрланган маҳсулотлар ҳаммасидан тўйиб тановул қилиш мумкин. Деҳқон ва меҳмонлар жуда меҳмондўст, ҳамманинг юзида табассум. Кейинги йили дўстларим ва оила аъзоларимни ҳам олиб келаман. Хоразмнинг қовунлари жуда ширинлиги билан юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги қовунлардан ажралиб турар экан.
“Қовун сайли” фестивали арафасида “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси илмий ходимлари томонидан “Хоразм қовунлари” деб номланган китоб ҳам чоп этилди.
– Бу китобимизда воҳамизда қадимдан етиштирилиб келинаётган юзлаб қовун турларига таъриф берилган, – дейди Райҳона Тоҳирова. – Шунингдек, қовунларнинг таркиби, уларни етиштириш ва сақлаш технологиялари аниқ қилиб ёзилган. Китобимиз ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган бўлиб, бугунги фестиваль доирасида хорижий меҳмонларимиз учун ажойиб қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ҳар бир қовун турига махсус QR- ҳам яратилган бўлиб, ушбу кодни сканерлаш орқали қизиқувчилар қовун полизига виртуал саёҳат қилишлари мумкин.
Қадим шаҳар кўчаларида тарихий обидаларни зиёрат қилиш, безатилган кўркам дастурхонлардаги нозу неъматлардан истеъмол қилиб, баҳраманд бўлаётган меҳмонлар орасида хорижий сайёҳлар фаоллик қилишди.
– Мен умрим давомида бунча кўп қовун турларини учратмаганман, – дейди италиялик сайёҳ Дилетта Колсеррака. – Ҳамма қовунлардан татиб кўрдим. Уларнинг барчаси ширин экан. Бироқ, таъми ва ҳидлари бир-биридан ажралиб туради. Фестиваль доирасида безатилган ҳудудларда суратга тушиб, Италиядаги дўстларимга жўнатяпман. Менга уларнинг жуда ҳаваси келяпти. Айниқса, ҳар куни кечқурун Хива жуда гўзал қиёфага киради. Бу ерда ташкил этилаётган кечки шоу дастурларда эса дунёнинг ва Ўзбекистоннинг энг машҳур санъаткорлари концертлар қўйяпти.
Кеча Россиялик хонанда Максим ижросидаги қўшиқлардан мириқиб тингладик. Хоразмнинг ўйноқи қўшиқларига маза қилиб рақсга тушдик. Фестиваль арафасида Хоразмга келганимдан жуда хурсандман.
Фестивалда нафақат хоразмлик деҳқон ва фермерлар ўзлари етиштирган энг сара полиз экинлари билан иштирок этди, балки вилоятда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларининг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган йўналишларида изланишлар олиб бораётган олимлар томонидан яратилган инновацион ишланма ва маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда.
– Урганч давлат университетидаги “Қовунчилик бўлими” бугун 50 дан ортиқ турдаги қовун навлари билан бу фестивалда иштирок этяпти, – дейди УрДУ “Табиий ва қишлоқ хўжалиги” факультети декани Санжарбек Саъдуллаев. – Бугунги кунда университетимизнинг илмий изланишга мўлжалланган дала хўжаликларида, дунёнинг экспорт талабларига тўлиқ жавоб берадиган қовун навлари яратилмоқда. Бундан ташқари, олимларимиз томонидан қовуннинг мағзи, уруғи, пўчоғи ва поясидан дори-дармон, озиқ-овқат, ширинликлар, ёғ ва атирлар, чорва ва балиқлар учун омухта ем маҳсулотларини яратишган. Бу маҳсулотлар тадбиркорлар, йирик ва кичик ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда саноат даражасида ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳам қилинмоқда.
Қовун экспорти нафақат фермерлар даромадини кўпайтиради, балки Хоразм вилоятининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Фестиваль доирасида 250 турдаги қовун навлари, улардан тайёрланган 200 дан ортиқ маҳсулотлар намойиш этилди.
[gallery-30798]
Хуллас, уч кун давомида миллий қадриятларимиз акс этган дастурлар, кўргазмалар, миллий таомлар тақдимоти, халқ ҳунармандчилиги намуналари, театрлаштирилган томошалар, миллий куй-қўшиқлар ва рақслар, кўнгилочар дастурлар бутун дунёдан миллиондан ортиқ иштирокчиларни ўзига жамлади.
“Полвон” дарвозаси олдидаги майдонда ташкил этилган фестивалнинг ёпилиш маросими ҳам театрлаштирилган тарзда бошланди. Саҳнадаги чиқишларда қадим ўтмишимиз, миллий қаҳрамонларимиз, деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати, бугунги кун таровати, юртимиздаги ободлик ва албатта қовун билан боғлиқ жозибадор воқеликлар гавдалантирилди.
Қовун сайли якунида ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хоразм вилояти Хива шаҳри фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб, “BYD SONG” электромобили билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган Янгиариқ туманига “Onix”, иккинчи ўринни эгаллаган Хоразм вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига “Cobalt” енгил автомашинаси топширилди. Учинчи ўринга лойиқ кўрилган Урганч давлат университети ва “UzAuto Motors” АЖ Хоразм вилояти филиалига эса “Damas” автомобиллари калити берилди.
Юксак даражада ташкил этилган халқаро тадбирнинг энг кульминацион нуқтаси эса ушбу анъанавий “Қовун сайли – 2026” халқаро фестивалининг Гиннес рекордлари китобига киритилганлиги бўлди. Фестиваль “Дунёдаги энг кўп қовун татиб кўрилган тадбир“ сифатида қайд этилди. Таъкидланишича, фестиваль мобайнида 259 дан ортиқ турдаги қовун навлари татиб кўрилган.
Фестиваль якунида маҳаллий ва хорижий машҳур санъаткорлар иштирокида катта гала-концерт дастури намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари