Қосим-Жомарт Тоқаев қасамёд қилди
Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланган Қосим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарининг инаугурация маросимида халқ олдида қасамёд қилди, деб хабар бермоқда “Кazinform” мухбири.
Президент қасамёд қилишдан аввал тантанали маросим бўлиб ўтадиган тантанали залга Қозоғистон Республикаси байроғи, штандарти ва Конституцияси келтирилди.
«Қозоғистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Қозоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинлигини кафолатлашга, Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида менга юкланган шарафли бурчни садоқат билан бажаришга тантанали қасамёд қиламан», - деди Қосим-Жомарт Тоқаев Конституцияга қўлини қўйиб.
Шу пайтдан бошлаб Президент ўз лавозимига киришган, деб ҳисобланади.
Қасамёд қабул қилингандан сўнг Давлат мадҳияси ижро этилди. Марказий сайлов комиссияси раиси Давлат раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хулосасига кўра, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида номзод Қосим-Жомарт Тоқаев сайловчиларнинг 81,31 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонди.