Қўштепада ихтисослаштирилган мактаб очилди
Фарғона вилояти Қўштепа туманида аниқ ва табиий фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар илм олишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Лойиҳа қиймати 9,5 миллиард сўм бўлган ушбу таълим муассасаси энг сўнгги андозалар асосида бунёд этилган бўлиб, у тўлиқ янги инновацион технологиялар билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда 5000 нафарга яқин талабгорлар ичидан саралаб олинган 336 нафар ўқувчилар аниқ ва табиий фанлар йўналишларида билим олмоқда. Уларга 30 нафардан зиёд олий тоифали ўқитувчилар таълим бермоқда.
[gallery-10777]
Тантанали тадбирда рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар мактаб фаолияти ҳамда бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, муҳташам синф хоналарида ўқув жараёнларини бевосита кузатишди. Ўқувчилар билан суҳбатлашган вилоят ҳокими давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қурилиб, барча қулайликлар муҳайё этилаётган бундай мактабларда яхши ўқиб, замонавий билимларни эгаллаш зарурлигини таъкидлади.
Вилоят раҳбари “Сой бўйи” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Aziz bolajon diyori” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, болажонлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. 150 ўринга мўлжалланган мазкур боғчанинг лойиҳа қиймати 2,7 миллиард сўмни ташкил этади. Айни пайтда муассасада 80 нафар болажонлар тарбияланмоқда.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/hn0jdnxGq3M" title="Қўштепада ихтисослаштирилган мактаб очилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат