Қўриқхонада баҳорги биотехник тадбирлар ўтказилмоқда
“Сурхон” давлат қўриқхонасида ўтхўр жониворлар учун 10 тоннадан ортиқ туз тарқатилди.
Мутахассисларнинг айтишича, қиш ва эрта баҳорда баланд тоғлардаги ёввойи ҳайвонларнинг озуқа, шу жумладан, тузга бўлган талаби ортади. Бу даврда қўшимча туз билан таъминлаш уларнинг қулай ҳаёт шароитини яхшилашга хизмат қилади. Ўтхўр ҳайвонлар учун табиий озуқа мувозанатини сақлайди.

Шеробод туманидаги Қўҳитанг тоғ ёнбағрида денгиз сатҳидан 850 метрдан 3 минг 137 метргача баландликда жойлашган “Сурхон” давлат қўриқхонаси 23 минг 800 гектардан ортиқ ер майдонига эга. Мафтункор гўша нафақат ўсимлик, балки ҳайвонот дунёсига ҳам бой.

Биотехник тадбирлар жониворларнинг озиқ-овқат мувозанатини тартибга солиб, табиий экотизим барқарорлигини сақламоқда. Ўтхўр ҳайвонларда баҳорги минерал моддалар етишмовчилигининг олдини олмоқда. Қўриқхона ҳудудида туз ва бошқа минерал қўшимчалар тарқатилаётгани ёввойи ҳайвонларни соғлом ривожлантириб, муҳофаза қилишга кўмаклашаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.


Ноёб ҳайвонот оламига эга қўриқхонада 190 дан ортиқ турдаги жонивор учрайди. Ҳайвонларнинг 25 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири