Қоракўлда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди
Бугун, 31 январь куни соат 08:23 да Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шўробод кўчасида жойлашган икки қаватли турар жой уйларидан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар туман бўлимига хабар келиб тушди.
Хабарга асосан зудлик билан ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари, тиббиёт ходимлари, Ички ишлар ҳамда бошқа тегишли хизматлар жалб этилди. Ҳозирги вақтда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитга етган зарарни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, хонадонда газ плитасидан фойдаланиш жараёнида газ сизиб чиқиши оқибатида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса сабаблари ва келиб чиқиш омилларини аниқлаш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан текширув ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур воқеа оқибатида икки нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган бўлиб, уларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи тиббиёт мутахассислари назоратида. Ҳодиса натижасида ҳалок бўлганлар йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА