Қоракўл туманида янги завод қурилмоқда
Бухоро вилояти Қоракўл туманида МТО технологияси асосида газ-кимё комплекси қурилаётир. Бу иншоот мамлакатимизда газ-кимё технологик кластерининг ядроси вазифасини ўташи тахмин қилинмоқда. Завод иқтисодиётнинг турли тармоқларини диверсификация қилиш ва ривожлантиришни таъминлайди.
Дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун мамлакатимиз бугун энг қулай инвестиция маконига айланди. Шунга мувофиқ, халқаро корпорация томонидан Қоракўлда МТО технологияси асосида йирик газ-кимё комплексини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундан аввал Enter Engineering компанияси билан ҳамкорликда 4 та катта иншоот ҳам қад ростлайди. Айни пайтда 1000 нафарга яқин ишчилар ушбу заводни қуриш ишларини амалга оширяпти. МТО технологияси асосида газ-кимё комплексига керак бўладиган аксарият технологиялар маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилади. 400 гектар майдондан метанол, олефин, моноэтиленгликоль, паст зичликдаги полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқариш мажмуалари жой олади.

– Мана шу ерда пайвандлаш ишлари олиб бориладиган цех бўлади, – дейди участка бошлиғи Алишер Элмуродов. – Металлни шу ерда ишлаб чиқарамиз. Бундан кейин бўяш цехи қурилмоқда. Цехда бўялиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу ерда асосан метан газни ишлаб чиқариш заводи бўлади. Темир бетон заводи қурилади ва йирик лойиҳа Қоракўл газни қайта ишлаш заводи бунёд этилади. Газ-кимё комплекси метанолни олефинга айлантириш технологиясидан фойдаланади. Бу дегани, яқин йил ичида Қоракўлда Марказий Осиёда биринчи марта бундай тажриба амалиётга татбиқ қилинади.

Мутахассисларнинг эътирофича, Enter Engineering компаниясининг йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишдаги катта тажрибасини Wood компаниясининг нефт-кимё, тоғ-кон ва муҳандислик тажрибаси билан уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда саноат ривожланиши учун янги стандартлар жорий этилади. Қолаверса, ушбу лойиҳага ҳамоҳанг тарзда мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун ҳудудий темир, бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган катта мажмуага асос солинади.

– Лойиҳа металлни қайта ишлаш заводи бўлиб, 50 мингдан юқори тоннада темирларни қайта ишлашдан иборат, – дейди компания бош муҳандиси Ашур Алиев. – Натижа 350 - 500 тагача ишчи ўрни яратилади. Айни кунда кимёвий комплексни қуриш жараёнида 1000 дан ортиқ ишчилар иш билан банд. Лойиҳани тугатиш 2025 йилга режалаштирилган. Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,5 миллиард м³ табиий газ метанидан 730 минг тонна юқори сифатли полимерларни ташкил қилади. Завод маҳсулотлари ассортиментига паст зичликдаги полиэтилен йилига 80 минг тонна, этиленвинилацетат йилига 100 минг тонна, полиэтилен терефталат йилига 300 минг тонна ва полипропилен йилига 250 минг тоннага етказилади. Йилига тайёр маҳсулотнинг 70 фоизи Ўзбекистон ички бозорида, 30 фоизи экспортга мўлжалланмоқда. Энг муҳими ушбу мажмуаларда 10-12 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА