«Қорадори-2022» тадбири давом этмоқда
Ички ишлар органлари ходимлари таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган экинларни етиштириб келаётган шахсларнинг қилмишларини «Қорадори-2022» тадбирида фош этишда давом этмоқда.
Урганч шаҳрида ички ишлар органи ходимлари «Қорадори-2022» тезкор-профилактик тадбири доирасида олиб борган чора-тадбирлари натижасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётган шахснинг жиноий қилмишини фош этилди.
Жумладан, Урганч шаҳрида яшовчи, 1967 йилда туғилган Д.Ҳ.нинг яшаш уйи ва томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадон эгаси уйининг томорқа қисмида 2 туп «каннабис» ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги маълум бўлди.
Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу ўсимликлар таркибида гиёҳвандлик воситаси борлиги тасдиқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, «каннабис» эса ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор профилактик тадбир давомида Бухоро туманининг «Боғдашт» маҳалласи «Разъезд» қишлоғи ҳудудида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспекторлари томонидан Т.Р. исмли шахсга тегишли бўлган «Спарк» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганида, «гашиш» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.
ИИБ Эксперт криминалистика бўлимининг судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, соф вазни 0,90 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тадбирлар давом этмоқда.
Ш.Неъматов, ЎзА