Қўқонда нега шамол кўп эсади?
Водийликлар орасида “Қўқон шамолидан эҳтиёт бўл!” деган ибора юради.
Бу бежиз эмас. Боиси йилнинг тўрт фаслида ҳам Қўқон шаҳрига яқин қишлоқларда гоҳида енгил, гоҳи кучли шамол эсиб туради. Кексалар кўпинча шамол эсишини турли эртак, ҳикоялар билан боғлашади. Ёзувчию шоирларнинг асарларида ҳам бу ҳақда албатта бирор фикр ёки шеърий мисра битилади.
Аслида Қўқонда шамол кўп эсишининг сабаби нимада?
Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида “Ўзгидромет” етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатовни суҳбатга тортдик.
– Нима учун водийнинг Қўқон зонаси атрофида шамол кўп эсади?
– Халқ орасида “Фарғона водийси тоғлар билан ўралган”, деган гаплар юради. Аммо географик жойлашув томондан қараганда бундай эмас. Фарғона водийси марказидан Сирдарё оқиб ўтади. Табиийки бу азим дарё водийнинг қайсидир томонидан чиқиб кетиши учун йўл бўлиши керак. Ўша йўл водийнинг жануби-ғарбий қисмидир. Бу қисм водийнинг ягона тоғлар билан ўралмаган ҳудуди ҳисобланади. Бу қисм қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Хўжанд тор тоғ дараси орқали Тошкент вилояти жануби ва Сирдарё вилоятларини ўзаро бирлаштирувчи текисликни ҳосил қилган.
Хўжанд тор тоғ дараси водий вилоятларига ғарбдан кириб келувчи нам ҳаво массалари ва шу билан бир қаторда кучли шамоллар эсиши учун очиқдир. Бу тор тоғ дарасидан водий вилоятларига кираверишдаги биринчи йирик шаҳар Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри ҳисобланади. Табиийки, Қўқон водий вилоятлари ичида биринчилардан бўлиб, кучли шамолни “қарши олади”. Шунинг учун халқ ва илмий тилларда ҳам Қўқон шамоли деб юритила бошланган.

– Энг узоқ шамол эсиши неча соатгача давом этади?
– Одатда водий марказига кираверишда шамол кучи камайиб бораверади. Қўқон шамоллари асосан совуқ ҳаво оқимларининг шимол, шимоли-ғарб ва ғарбдан кириб келишидаги совуқ олд фронтлари пайтида кузатилади. Бу шамоллар Хўжанд тор тоғ дараси орқали кириб келгани учун унинг йўналиши ғарбий ёки жанубий ғарбий йўналишда бўлади. Шамолнинг давомийлиги 2-6 соатдан ошмайди, айрим ҳоллардагина яхши ифодаланган кетма-кет фронтлар кириб келишида шамоллар давомийлиги 10-12 соатга етади.
– Шамол қандай холатларда бўронга айланади?
– Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда ҳам шамол кучи Бофорт шкаласи ўлчовлари билан тавсифланади. Бофорт шкаласи 13 та даражага эга шамол кучларини ўзида акс эттирган. Ундан шамол тезлиги тинч ҳолатдаги кучдан тортиб, довул даражасидаги шамолларгача тўлиқ шамол кучлари тақсимлаб чиқилган. Масалан, шамол тезлиги 17 м/с дан кучайса, “кучли” шамол дейилиб, бунда дарахт шохлари сина бошлайди, шамолга қарши туриш қийинлашади. Шамол тезлиги 24.5 м/с дан кучайса, бу каби шамол “бўрон” деб ном олади.
Бунда, номустаҳкам иншоотларда шикастланиш ҳодисалари учрайди, том ёпилмалари уча бошлайди, дарахт шохлари ерга теккудек бўлиб, эгилиб тебранади.
– Яна бир савол. Довул бошланишига ҳам шамол тезлиги сабаб бўладими?
– Шамол тезлиги 32.5 м/сдан юқори кузатилса, “довул” деб аталади. Довулда катта вайронагарчиликлар учрайди. Бино иншоотларга жиддий зарар етади, мавжуд инфраструктура зарарланади. Дарахтлар илдизи билан қўпарилиб тушади. Бу каби шамол ҳодисалари табиатда кам учрайди. 2020 йил 29 апрель Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида кузатилган шамолни довуллар қаторига киритсак бўлади. Муқаддам Қўқон шаҳрида максимал шамол тезлиги 40 м/с гача етган. Бу шамол апрель ойида кузатилган. Ўзбекистонда энг юқори шамол тезлиги Навоий вилояти Томди туманида қайд этилган бўлиб, Томдида шамол тезлиги кучайганда 48 м/сгача эсган.
–Шамол тезлиги кўпроқ қайси фасл ёки ойда кучаяди?
– Кучли шамоллар асосан йилнинг баҳор ва куз ойларида кўпроқ кузатилади. Аммо охирги пайтлар иқлим ўзгариши, иқлимнинг исиб кетиш фонида атмосферада ҳаво оқимларининг беқарорлиги ортгани каби кучли шамоллар ҳам мавсумларга хос бўлмаган даврларда тез-тез кузатиладиган бўлиб бормоқда.
– Шамол кўп эсиши сабабли Қўқонда қуруқ хаво оқими кузатилади. Бу деҳқончиликка таъсир кўрсатадими?
– Ёз ойларида юқори ҳароратли қуруқ ҳаво кузатилган даврда шамоллар эсишида ҳавода “гармсел” ҳодисаси кузатилади. Бу ҳаво қурғоқчилигининг хавфли даражаси бўлиб, бунда яшиллилик оламига таъсир кучли сезилади. Ўсимлик дунёсида баргларда қовжираб қуриб қолиш ёки дарахт танасидан сувнинг кучли буғланиши ҳисобига, дарахтларда қуриб қолиш ҳодисалари кузатилиши мумкин. Масалан, давомли гармсел қишлоқ хўжалиги асосий маҳсулоти ғўза барглари, кўсаклари ва гулларида қовжираб тўкилиш ҳодисалари кузатилади. Бу пахта ҳосилига жиддий хавф туғдиради.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди