Қўқон арава ҳақида биласизми?
Отнинг қўлга ўргатилгани ва ғилдирак кашф этилганига тўрт минг йил бўлди.
Ғилдираклар дастлаб жанг араваларида қўлланилди. Юк ва одам ташишга мўлжалланган арава эса кейинроқ вужудга келди. «Ароба» атамаси араб тилидаги «аъроб» – яъни, кўчиб юрувчи, ҳаракатланувчи сўзидан олинган бўлиб, ўзбекча талаффузда «арава» шаклига келиб қолган.
Қўқон арава деярли бутун Марказий Осиёга тарқалди ва машҳур бўлди. Унинг бошқа маҳаллий аравалардан фарқи – ғилдирагининг катталигида. Унинг афзаллик томонлари:
* Қўқон араванинг тезлиги бошқа маҳаллий аравалар тезлигидан бир ярим баробар ортиқ бўлган;
* мувозанат сақлаш қобилияти кучлироқ. Йўлнинг қалтис жойларида ағанаб кетмайди;
* ўтмишда кўчаларни жуда кўп ариқлар кесиб ўтган. Қўқон арава одам сакраб ўта оладиган кўприксиз ариқлардан ўтиб кетиш имкониятига эга бўлган;
* Қўқонда ер ости сувлари ер сатҳига яқин бўлганлиги учун куз, қиш, баҳорда ёғин-сочин ерга яхши сингмай, кўчаларда лойгарчилик узоқ давом этган. Қўқон арава лойга ботиб қолмаган. Ботиб қолган тақдирда ҳам уни лойдан чиқариб олиш осон бўлган;
* дарёларнинг кечув жойларидан осонроқ ўтган. Ғилдирак катта бўлгани учун араванинг баландлиги ҳам шунга яраша бўлган ва сув унинг шотисини кўммаган, бинобарин, юк ва одам дарёдан хўл бўлмай ўта олган.
Қўқон араванинг вужудга келиши узоқ йиллик ҳаётий ва амалий тажриба маҳсулидир, яъни асрлар мобайнида шаклланиб, такомиллашиб келган. У ўз номини узил-кесил XVIII асрнинг биринчи ярмида, Қўқон хонлигининг илк йилларида олди.
Қўқон хонлиги тарихига оид «Авзал – ут тавориҳ» асарининг Қозон шаҳрида сақланаётган қўлёзма нусхасида келтирилишича, Шоҳруҳбийнинг ўғли Абдураҳимбий (хонлик даври 1721-1733 йй.) Самарқанд юришидан бир йил олдин хўқандлик аравасоз усталарни тўплаб, ўғруқ (уруш ҳолатларида хазина, зарурий юклар, озиқ-овқат ва қурол-аслаҳа захираларини олиб, асосий қўшиндан кейинроқда юрадиган махсус карвон (русча «обоз») учун тезюрар, бақувват, йўлсиз жойларда ҳам юра оладиган аравалар ясаб беришни сўраган. Уста Муҳиддин уста Баҳриддин ўғли бошлиқ аравасозлар бир йиллик тажриба, изланиш пировардида катта ғилдиракли аравалар тайёрлаган. Бу пайтгача ҳам ғилдираклар аста-секин катталашиб келаётган эди.
Уста Муҳиддин ясаган ғилдирак эса олдинги ғилдираклардан ҳам каттароқ бўлган. Ушбу асарда бу арава «Хўқанд арава» тарзида биринчи марта қаламга олинган.
Қўқон арава уч қисмдан иборат: шоти (аравашоти), тегирчак (ғилдирак) ва ўқ. Шоти 4,5 (баъзан 5) метргача узунликдаги иккита отёғоч (отлик), саккизта поғона, иккита сўлоқ ва айғиздан иборат. Отёғочлар мирзатеракдан йўнилади. Тегирчак (ғилдирак) гупчак, тўғин, негай, беллик ва ёстиқ каби қисмлардан иборат.
Тегирчакнинг ҳамма қисмлари бужун (қайрағочнинг бир тури)дан ясалади. Ўқ – йўғонлиги 40 см., икки ярим-чорак кам уч метрча узунликдаги силлиқланган бужун ёғочи бўлиб, икки учи икки тегирчак гупчагига киритилади ва устига аравашоти миндирилади. Арава юрганда шоти силжиб кетмаслиги учун унинг остига сўлоқ ўрнатилади. ХХ асрнинг биринчи чораги охиригача аравага металл ишлатилмаган.
Шу туфайли у дарёда сузиш имкониятига ҳам эга бўлган. 1904-1906 йилларда Фарғона водийсини ҳар тарафлама ўрганган рус олими А.Ф.Миддендорф ўзининг «Фарғона» асарида Сирдарёда сузиб кетаётган Қўқон араваларни кўриб, қойил қолганини, дунёнинг бошқа жойларида сузишга қобил араваларни кўрмаганини эътироф этади ва араванинг ясалиш жараёнини тасвирлаб беради.
ХХ асрнинг йигирманчи йилларидан бошлаб Қўқон аравалар ғилдирагини темир билан айлантириб қоплаш йўлга қўйилди. Аравасозлик атамашунослигида бу темир «араватемир», унинг ғилдирак ёғочига (кегайларга) мустаҳкамлайдиган мих эса «аравамих» деб ном олган.
Қўқон аравалар юк ва одам ташиш воситаси бўлибгина қолмай, кези келганда мудофаа воситаси сифатида ҳам қўлланилган. Қамал, қуршов ҳолатларида аравадан чиб (тўсиқ, баррикада) сифатида фойдаланилган.
Қўқон хонлиги тарихига оид қатор асарларда келтирилишича, Саййид Муҳаммад Худоёрхон бир неча марта (Чинозда, Ёзёвоннинг «Билқиллама» деган жойида, Марғилон яқинида) душманлари қуршовига тушиб қолганда ўзининг қароргоҳи ва оз қолган қўшини атрофини аравалар билан ўраб олиб, ёрдам етиб келгунча мудофаада турган.
М.Сулаймонов, ЎзА