Қўқон – “Адабиёт шаҳри” мақоми сари: тарихий асослар ва амалий қадамлар
Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳити тутган ўрин беқиёсдир: бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб умргузаронлик қилиб, ижод этган.
Бундан икки аср муқаддам Фарғона тахтига чиққан Амир Умархон (1787-1822) ўн йилдан зиёд ҳукмронлиги давомида Қўқон хонлигини минтақанинг қудратли давлатларидан бирига айлантирди: ҳудудлар кенгайди, ички тартиб-интизом мустаҳкамланди, пойтахтда мадрасаю масжидлар қад ростлади, савдо ва ободончилик ишлари авж олди. Бироқ бу маърифатли подшоҳ тарихда фақат сиёсий ютуқлари билан қолмади. Умархоннинг энг узоқни кўзлаган ҳисоб-китоби бошқа эди: давлат биноси фақат қўшин ва хазинага эмас, маънавий пойдеворга ҳам таяниши лозим. Шу боис сарой оқшомларида ўтказиладиган мушоиралар кўнгилочар машғулот эмас, давлат сиёсатининг узвий қисми эди. Даврага ташланган ғазалга ҳозир бўлганлар айни вазн ва қофияда жавоб битар, Амирий тахаллуси билан ижод қилган хоннинг ўзи қаламкашларнинг сўз танлашигача синчковлик билан назорат қиларди. Ана шу даврлардан ўзбек мумтоз сўз санъатининг бутун бир мактаби – хонликнинг маънавий бирлигини таъминлаган Қўқон адабий муҳити ўсиб чиқди.
Орадан икки юз йил ўтиб, ўша заминда адабиёт мавзуси яна давлат аҳамиятидаги масала сифатида кун тартибига чиқди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида сўзлаган маърузасида Қўқон адабий муҳитига махсус тўхталди ва бу эътироф шаҳарнинг маданий тақдирида янги саҳифа очиши шубҳасиз.
Юксак баҳо, улкан масъулият
Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек адабиёти тарихида Қўқон адабий муҳити тутган ўрин беқиёсдир: бу заминда 300 дан зиёд шоир ва адиб умргузаронлик қилиб, ижод этган. Шундай истеъдодлар камолга етган шаҳар ЮНEСКОнинг “Адабиёт шаҳри” мақомини олишга ҳам муносиб – юртбошимизнинг бу гапи нафақат фарғоналиклар, бутун адабий жамоатчилик учун катта янгилик бўлди. Зеро, мазкур халқаро мақом ҳозирга қадар дунёнинг саноқли шаҳарларигагина насиб этган.
Шу билан бирга, маърузада ўткир бир танқид ҳам янгради: шунчалик бой мерос ҳанузгача тизимли асосда ўрганилмаган, унга бағишланган илмий тадқиқотлар етарли эмас. Муаммони ҳал этиш йўли ҳам аниқ кўрсатилди, яъни Қўқон адабий муҳити антологиясини ва электрон платформасини яратиш, шаҳарда Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди. Президент ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда ёшлар орасида китобхонликни оммалаштириш ҳар қачонгидан долзарб эканини алоҳида қайд этар экан, жорий йилда вилоятнинг 100 та маҳалласида намунавий кутубхоналар очилишини, бук-кафе ташкил этган тадбиркорлар солиқ ва ижара тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлишини маълум қилди.
Демак, гап шунчаки хайрихоҳликда эмас: давлат раҳбари олимлар, ноширлар, педагоглар ва тадбиркорлар олдига аниқ вазифалар қўйди. Бу вазифаларнинг залворини англаш учун аввало ўша муҳитнинг ўзи қандай ҳодиса бўлганини эслаш жоиз: зотан, мерос қанчалик улуғ бўлса, унга муносабат ҳам шунчалик пухта бўлмоғи керак.
Ҳиротдан кейинги иккинчи чўққи
Тахтга чиққунга қадар Марғилонда ҳокимлик қилган, бошқарувда ҳам, назмда ҳам бирдек ном чиқарган, бўлажак шоира Нодирага уйланган Умархон атрофида етмишдан ортиқ шоир жам бўлди. Унинг ижод аҳлига мурувватини эшитган истеъдод эгалари Бухорою Самарқанддан, Хива ва Тошкентдан, Хўжанд, Ўратепа ва Ҳисордан, ҳатто олис Ҳирот, Балх ва Қашқардан ҳам Қўқон сари йўл олдилар. Фазлий Намангоний тузган “Мажмуаи шоирон” тазкирасига хонлик ҳудудида қалам тебратган юзга яқин ижодкор киритилгани бу оқимнинг кўламини кўрсатади. Кейинги авлодларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, Президент тилга олган уч юздан зиёд шоир ва адиб рақами ҳосил бўлади.
Мутахассислар бу жараённи Алишер Навоий даҳоси камол топган Ҳирот адабий муҳити билан ёнма-ён қўйиб таҳлил этадилар. Дарҳақиқат, XV аср Хуросонида Ҳусайн Бойқаро – Ҳусайний қандай тарихий роль ўйнаган бўлса, XIX аср Фарғонасида шу вазифани Амирий ва унинг умр йўлдоши, шоираи даврон Нодирабегим адо этди. Мумтоз адабиётимизнинг йирик тадқиқотчиси Иброҳим Ҳаққул бу қиёсни махсус ўрганар экан, кутилмаган хулосага келади: Амирий ғазалларига жавоб — татаббу ва назира ёзган шоирлар сони ҳатто Ҳусайний издошларидан ҳам ортиқ. Давр шоири Адонинг: “Гар Навоийдин Адо сўзин ўткарса не тонг, Шоҳ Умар афзалму ё Султон Ҳусайн Бойқаро”, дея фахрланиши ҳам ўша муҳит вакиллари ўзларини айнан Ҳирот мактабининг вориси деб билганидан далолатдир.
Умархон ҳомийлиги ўткинчи ҳавас эмас, пухта ўйланган маданий сиёсат эди. Гулханийга машҳур “Зарбулмасал”ни ёзиш ҳам айнан хон томонидан топширилган. Амирий давлат ва сиёсатни моддий, адабиёт ва илм-фанни эса маънавий ҳукмронлик тимсоли сифатида фарқлай олган ҳамда замондош истеъдодларнинг бирортасига таъқиб ё тазйиқни раво кўрмаган. Айни шу бағрикенглик туфайли аввалги нотинч замонларда юртни тарк этган қаламкашлар ҳам бирин-кетин Қўқонга қайта бошлади.
Сарой йиғинлари фақат шеърхонликдан иборат эмасди: Амирийнинг ўз эътирофича, янги ғазаллари мажлисларда куйга солиб ижро этилар, даврада Хайём рубоийлари-ю Ҳофиз байтлари ҳам тез-тез янграб турарди. Айни шу муҳит талаби билан хоннинг ўзи девон тартиб беришга киришган: сўз саррофлари ундан тарқоқ шеърларини жамлашни илтимос қилишгач, ғазаллар қофия тартибида китоб ҳолига келтирилган. Замондошларининг гувоҳлигича, Амирий ғазаллари содда ва самимий услуби туфайли ҳофизлар репертуаридан мустаҳкам жой олиб, саройдан ташқарида – халқ орасида ҳам кенг куйланган; айни халқчиллик кейинчалик Муқимий ва Фурқат лирикасининг ҳам бош фазилатига айланди.
Хоннинг ижодий мероси ҳам эътиборга сазовор. У ўзбек ва форс-тожик тилларида баб-баравар ижод қилган зуллисонайн шоир бўлиб, девонида 460 ғазал ва 57 мухаммас жамланган. Шеъриятининг умумий ҳажми 10 минг мисрадан ортиқ. Бугунги кунда девоннинг 30 га яқин қўлёзма нусхаси Тошкент, Санкт-Петербург, Самарқанд, Бухоро ва Қўқон фондларида сақланади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, девон XIX аср охирларида Тошкентда бир неча бор тошбосма усулида нашр этилган, 1881–1887 йилларда эса Истанбулда саккиз марта чоп этилган. Қўқон шеърияти ўз давридаёқ Усмонли пойтахтигача етиб боргани шаҳарнинг бугунги халқаро мақомга даъвогарлиги тарихий асосларга эга эканини кўрсатади.
Бу давр ҳақидаги маълумотларни бизгача Фазлий тазкирасидан ташқари Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих”и, Исъҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи”, Дилшоди Барно хотиралари сингари ўнлаб солномалар етказган. Уларда сарой мушоираларининг жонли лавҳалари, шоирларнинг ўзаро баҳс-мунозаралари муҳрланиб қолган. ХХ аср бошларида бу меросга илк илмий назар ташлаган Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат сингари алломалар, кейинчалик, академик Азизхон Қаюмов унинг кўламини алоҳида қайд этган эдилар.
Етти қирра: муҳитнинг ўзига хос қиёфаси
Кўп йиллик тадқиқотларимиз, жумладан, докторлик диссертациямиз давомидаги кузатишлар бу муҳитнинг қиёфасини белгилаган етти асосий қирра борлигини кўрсатди. Биринчиси – она тилининг адабий нуфузи кескин юксалди: ўзбек тилида йирик эпик ва тамсилий асарлар дунёга келди, уларни кўчириш ва тарқатиш рағбатлантирилди. Иккинчиси – туркий ва форсий шеърият услублари ягона ижодий ўзанда туташди. Учинчиси – икки тилда баравар қалам тебратиш, яъни зуллисонайнлик оммавий ҳодисага айланди. Тўртинчиси – Навоий замонидан сўнг сусайган тазкира тузиш анъанаси қайтадан жонланди. Бешинчиси – қўлёзма китобат ва таржимачилик ишлари авж олди. Олтинчиси – адабиёт майдонига илк маротаба бутун бир шоиралар авлоди кириб келди. Еттинчиси – Темурийлар даврининг маданий тажрибаси янги тарихий заминда тикланди. Бу қирралар биргаликда Қўқонни ўз даврининг том маънодаги маданий лабораториясига айлантирган эди.
Санаб ўтилган жиҳатлар ичида шоиралар ижоди, шак-шубҳасиз, энг ноёбидир. Нодирабегим Амирий вафотидан кейин ҳомийлик жиловини ўз қўлига олиб, адабий ҳаётнинг узилиб қолишига йўл қўймади. Унинг замондошлари Увайсий, Маҳзуна, кейинроқ Дилшоди Барно ва Анбар отин ўз даврининг тан олинган сўз усталари эди. “Малик уш-шуаро” Фазлий билан Маҳзуна ўртасида бўлиб ўтган очиқ шеърий айтишув аёл ижодкорнинг эркак шоир билан тенг мавқеда мусобақалаша олганини кўрсатади. Шу боис айрим тадқиқотчилар Қўқондаги аёллар шеъриятини жаҳон адабиёти миқёсидаги ҳодиса дея баҳолайдилар. 2022 йили шаҳарда айнан “Қўқон адабий муҳитида аёллар шеъриятининг ўрни” мавзусида ўтган илмий анжуман ҳам шу қирранинг алоҳида тадқиқот объекти эканини тасдиқлаган эди.
Иккинчи бетакрор жиҳат бу – сўз эркинлиги ва танқидий руҳ. Айнан шу муҳитда Махмурнинг аччиқ ҳажвиялари туғилди, Гулханий тўрт юзга яқин халқ мақоли ва ҳикматини яхлит бадиий тизимга айлантириб, “Зарбулмасал”дек ноёб китоб яратди. Адабиёт бу даврда фақат гўзаллик тарғиботчиси эмас, жаҳолат ва мутаассибликка қарши курашнинг ғоявий қуроли ҳам эди, яъни давлатнинг ўзи илғор фикр ҳомийси сифатида майдонга чиқди. Кулгу воситасида жамият иллатларини фош этиш анъанаси кейинроқ Писандий, Муқимий, Чархий ҳажвиётида юксак чўққига кўтарилди.
Учинчи муҳим жиҳат – ижодий мусобақа маданияти. Устоз шоир ғазалига жавобан асар битиш, татаббу, назира, тахмис боғлаш Қўқонда бош адабий тамойилга айланди. Бир пайтлар айрим тадқиқотчилар буни “тақлид” дея камситган бўлса, ҳозирги илм бундай асарларнинг аслига ҳам ўхшаш, ҳам ундан фарқли мустақил бадиий ҳодиса эканини аллақачон асослаб берди. Замонавий манбашунослик бу соҳада аниқ мезонларни ишлаб чиқди: илҳомланишнинг назира, татаббу, тазмин каби ижобий кўринишлари адабий ўзлаштиришнинг турли шаклларидан қатъий фарқланади, Қўқон шоирлари ижоди эса айнан биринчи тоифага мансублигини матнлар қиёси яққол исботлайди. Улар Лутфий ва Навоийдан Фузулий ва Бедилгача бўлган буюк салафлар билан айни шу тарзда “мулоқот” қилдилар. Натижада мухаммас жанри мисли кўрилмаган даражада гуллаб-яшнади, Ҳозиқнинг “Юсуф ва Зулайхо”, Нодирнинг “Ҳафт гулшан” сингари достонлари майдонга келди.
Амирий мактабидан миллий уйғонишгача
Амирийдан сўнг Нодира ва Муҳаммад Алихон Қўқон адабий муҳитига бош-қош бўлдилар. XIX асрнинг иккинчи ярмидан эса Муқимий, Фурқат, Завқий, Муҳйи, Писандий, Мирзо Хўқандий, Муҳсиний, Фироқий, Чархий каби ижодкорлар мазкур анъаналарни янги тарихий шароитда давом эттирдилар. Энди шеъриятда ижтимоий дард ва халқ дарди устувор мавзулардан бирига айланди. Мустамлака зулми, амалдорларнинг ўзбошимчалиги, эски турмуш иллатлари ҳажв тиғи остига олинди. Айни даврда халқ достонларини ёзиб олиш ва нашр этишга қизиқиш кучайиб, мактубот жанри ҳам янги мазмун билан бойиди.
Шу ўринда бир ҳақиқатни таъкидлаш зарур: юртимизда янгиланиш ғоялари фақат четдан кириб келган, деган қараш тарихан тўғри эмас. Эскича яшашнинг иложи қолмаганини, замон ҳам, одамлар ҳам ўзгариши шартлигини биринчилардан бўлиб айнан шу мактаб вакиллари – Муқимий авлоди англади ва қутулиш йўлини маърифатда кўрди. Миллий уйғониш ҳаракатининг маҳаллий томирлари, жадид адабиётининг илк куртаклари айни Қўқон тупроғида ниш урган; янги давр адабиётининг йирик намояндаси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам худди шу мактаб тарбиясини олган эди.
Бу узлуксиз силсиланинг ўзаги Навоий анъаналаридир. 2021 йили улуғ мутафаккир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Қўқонда “Алишер Навоий ва Қўқон адабий муҳити” мавзусида халқаро анжуман ўтказилиб, унда Ўзбекистон билан бир қаторда Озарбайжон, Туркия ва Тожикистон олимлари ҳам маъруза қилдилар. Анжуман кўрсатдики, Навоийдан Амирийга, Амирийдан Муқимий ва Фурқатга ўтган ижодий эстафета бугун халқаро илм-фаннинг жиддий мавзусига айланган.
Нега айнан бугун?
Президент маърузаси кун тартибига қўйган бош савол бу меросни нега айнан ҳозир ўрганиш зарур? Жавоблар етарлича аниқ.
Биринчидан, бу – адолат қарзи. Совет мафкураси Амирий бошлиқ кўплаб ижодкорларга “сарой шоири”, “диний-мистик адабиёт вакили” тамғасини босиб, уларни дарслик ва тадқиқотлардан четлаштирди. Оқибатда ХIХ аср ўзбек адабиёти манзараси ярим асрдан ортиқ вақт нотўлиқ, бир ёқлама талқин этиб келинди. Мустақиллик бу номларни халққа қайтарди, аммо етмиш йиллик бўшлиқни тўлдириш ҳали ниҳоясига етмаган жараёндир: бугун Амирий ижоди мактаб дарсликларидан жой олган бўлса-да, кўплаб сафдошларининг тўлақонли академик нашрлари ҳамон йўқ.
Иккинчидан, хазина ўз тадқиқотчисини кутиб ётибди. 1961 йили Қўқонда очилган адабиёт музейи фондида ўн икки мингдан ортиқ ёдгорлик жамланган; шундан икки мингдан зиёди бетакрор қўлёзмалардир. Бу мамлакатимиздаги энг йирик қўлёзма мажмуаларидан бири. Бироқ кўпгина девонлар ҳамон чоп этилмаган, котиблар турли даврларда кўчирган нусхалар ўртасида жиддий тафовутлар бор: байтлар тушиб қолган, сўзлар алмашиб кетган. Ҳар бир асарнинг ишончли илмий-танқидий матнини тиклаш кечиктириб бўлмас вазифа, акс ҳолда замон синовларидан омон чиққан бу бойлик энди бефарқлик қурбонига айланиши мумкин.
Учинчидан, бу – она тилимиз тарихининг очилмаган саҳифаси. Қўқон шоирлари ижодида Навоий давридан мерос китобий лексика жонли халқ тили билан туташди, туркий ва форсий услублар қоришуви янги ифода имкониятларини очди. Адабий тилимизнинг шаклланиш босқичларини илмий асослашда бу материал тилшунослар учун ҳам бебаҳо манбадир, давлат тилининг тарихий илдизлари айнан шундай матнларда яшайди. Шева унсурларининг адабий матнга дадил кириб келиши ҳам айнан шу даврга хос ҳодисадир.
Тўртинчидан, маънавий иммунитет масаласи. Президент таъкидлаганидек, ижод ва санъатни қадрлаган жамиятнинг маънавий ҳимояси мустаҳкам бўлади. Ёт ғоялар босими кучайган бир пайтда ёш авлодни аждодлар сўзи билан тарбиялашдан ишончлироқ йўл йўқ. Юзта маҳалла кутубхонаси, имтиёзли бук-кафелар – буларнинг бари адабий меросни хонадонларга олиб кириш воситасидир; мутолаа маданияти юксак жамиятгина ахборот хуружларига бардош бера олади. Қолаверса, Амирий, Нодира, Увайсий, Муқимий асарлари аллақачон мактаб дастурларида ўқитилмоқда, уларни замонавий шарҳлар билан таъминлаш ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам суянч бўлади.
Бешинчидан, халқаро майдонга чиқиш имконияти туғилди. ЮНEСКОнинг “Адабиёт шаҳри” тармоғига кириш учун шаҳар нафақат бой тарихга, балки фаол адабий ҳаётга ҳам эга бўлиши шарт. Қўқоннинг тарихий далиллари етарли – Амирий девонининг Истанбулда саккиз бор чоп этилгани фикримизнинг ёрқин исботи; энди замонавий инфратузилма – нашрлар, платформалар, фестиваллар талаб этилади. Бу тармоққа аъзо шаҳарлар ҳар йили халқаро фестиваллар, таржима дастурлари ва ижодий алмашинувларда иштирок этади, демак, мақом Қўқон ёшлари учун жаҳон адабий жараёнига тўғридан-тўғри йўл очади. Туркий давлатлар ҳамкорлиги доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани эса минтақа адабий меросига жаҳон эътибори ортиб бораётганини кўрсатади.
Олтинчидан, илмий пойдевор тайёр. Академик Азиз Қаюмовнинг машҳур монографиясидан бошланган йўналиш истиқлол даврида ўнлаб тадқиқотлар билан бойиди: Амирий, Нодира, Увайсий, Узлат, Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Садойи, Муҳаййир, Муҳсиний, Фироқий, Чархий ижоди бўйича диссертациялар ҳимоя қилинди, Ҳусайний ва Амирий муҳитларини қиёслаш каби янги йўналишлар очилди, халқаро анжуманлар анъанага айланди. Қўқоннинг ўзида олий таълим ва музей инфратузилмаси мавжудлиги эса тадқиқотларни бевосита манбалар асосида олиб бориш имконини беради. Демак, гап бошидан бошлашда эмас, тўпланган салоҳиятни ягона тизимга солишда.
Еттинчидан, адабий туризмнинг иқтисодий самараси. Худоёрхон ўрдаси, адабиёт музейи, шоирлар қадамжолари, Қўқон университети туризм мажмуаси ягона саёҳат йўналишига бирлаштирилса, адабий мерос шаҳар иқтисодиётига ҳам хизмат қила бошлайди. Дунё тажрибаси кўрсатадики, “адабиёт шаҳри” брендидан сайёҳлик даромади оладиган шаҳарлар оз эмас, Қўқон учун бу йўл тўла очиқ.
Сўздан амалга: илк натижалар
Қувонарлиси, Президент топшириқлари эълон қилиниши биланоқ уларнинг ижросига киришилди. Бу борада Қўқон университети жамоаси ташаббускорлик кўрсатмоқда.
Энг аввало, “Қўқон адабий муҳити” антологиясининг биринчи жилди тайёрланди. Шу билан бирга, мазкур муҳит намояндалари шеърларига илмий-оммабоп шарҳлар ҳам яратилди. Улар нафақат мутахассислар, балки мумтоз адабиёт ихлосмандлари учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Шарҳларда мумтоз матнлардаги мураккаб сўз ва бадиий тимсоллар бугунги ўқувчи учун содда ва тушунарли тарзда изоҳланган. Тўплам яқин кунларда нашр этилади.
Яна бир муҳим йўналиш — “Қўқон адабий муҳити” электрон платформасини яратиш ишларидир. Лойиҳа доирасида қўлёзма ва тошбосма манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда табдил қилинган матнлар ягона электрон базага жамланмоқда. Бу эса дунёнинг исталган нуқтасидаги тадқиқотчи ва китобхонларга ушбу бой меросдан эркин фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, платформа ёш олимлар учун очиқ илмий майдон вазифасини ҳам бажаради.
Навбатдаги йўналиш — табдил ишлари. Мирзо Хайруллохон Хўқандий ва Дўстмуҳаммад Фироқий девонлари жорий алифбога ўгирилиб, нашрга тайёрланди. Бу нашрлар фондларда сақланаётган юзлаб қимматли манбаларни кенг жамоатчиликка етказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, университет қошида “Қўқон адабий муҳитини ўрганиш илмий маркази” ташкил этилди. Марказ ёш тадқиқотчиларни бирлаштириб, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлайди. Илмий ишлар, табдил қилинган матнлар ва монографияларни китоб туркуми сифатида мунтазам нашр этиш режалаштирилган. Илмий анжуманлар эса эндиликда матншунослик, таълим методикаси ва тил хусусиятлари каби алоҳида йўналишларга бағишланган ҳолда ўтказилади. Шу тариқа илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар умумий мақсад — миллий адабий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлида уйғунлашмоқда.
Хулоса: тарих ва истиқбол туташган нуқта
Икки аср муқаддам Қўқон аркидаги мушоираларда янграган мисралар бугун яна жамият эътибори марказида. Энди бу бебаҳо мерос бир ҳукмдор ҳимматига эмас, давлат сиёсати, илм-фан салоҳияти ва жамоатчилик ташаббусларининг уйғунлигига таянади.
Антология ва электрон платформа адабий меросни тизимлаштириш ва оммалаштиришга хизмат қилади. Адабиёт ва ижод мактаби янги истеъдодлар камолотига замин яратса, маҳалла кутубхоналари мутолаа маданиятини янада юксалтиришга ҳисса қўшади. Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда бундай ташаббуслар нафақат маданий ҳаёт, балки маънавий тараққиётнинг муҳим омили сифатида аҳамият касб этади.
Изчил саъй-ҳаракатлар самарасида Қўқоннинг ЮНЕСКОнинг “Адабиёт шаҳри” мақомини қўлга киритишига хизмат қиладиган мустаҳкам асослар яратилмоқда. Уч юздан зиёд шоир ва адиб етишиб чиққан бу замин ана шундай юксак эътирофга муносиб экани шубҳасиз.
Зебо Қобилова,
Қўқон университети илмий ишлар ва
инновациялар бўйича проректори, профессор.
ЎзА