Қонунлар ўзбошимчаликни ёқтирмайди
Жиззахда вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди ташаббуси билан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар ҳамда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир масалалар юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, туманлараро (туман) судлари ҳамда вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари, вилоят прокуратураси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари ва ҳуқуқшунослари, Давлат кадастрлар палатаси ҳамда Кадастр агентлиги вилоят бошқармалари, вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров ва бошқалар ушбу тоифадаги ишларни кўриш 2023 йилга нисбатан кўпайганлигини, 2024 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ жами 455 та, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтаришга доир жами 993 та фуқаролик ишлари кўрилиб тамомланганлигини таъкидлади.
2024 йил давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтаришга доир кўриб тамомланган ишларнинг 810 таси бўйича даъво аризалари қаноатлантирилган, 129 таси рад қилинган, 47 таси кўрмасдан қолдирилган, 7 таси иш юритишдан тугатилган.
– Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари, уй-жойлар, бино ва иншоотлар учун компенсация ажратиш, мулкдорларни мажбурий кўчиришга оид жами 30 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган, – дейди Жиззах вилоят судининг судьяси Собир Набиев. – Шундан 9 таси бўйича даъво ариза қаноатлантирилиб, тарафлар фойдасига 2 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириш белгиланган.
Жиззах туманлараро маъмурий суди томонидан 2024 йил давомида Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси ва унинг филиалларига нисбатан мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ва мажбурият юклаш юзасидан 90 та иш кўрииб чиқилган.
– Ўтган 2024 йил давомида Жиззах туманлараро маъмурий суди томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 643 та маъмурий иш мазмунан кўриб тамомланган бўлиб, шундан 308 та шикоят аризаси қаноатлантирилган, 335 та шикоят аризаси қаноатлантиришдан рад этилган, – дейди Жиззах туманлараро маъмурий суди раиси Мансур Тошпўлатов. – Шундан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар 234 тани, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишлар 35 тани ташкил этган.
[gallery-22065]
Ўтказилган давра суҳбатида барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур тоифадаги ишлар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари