Қонунлар ижроси прокуратура назоратида
Бухоро вилояти прокуратураси органлари томонидан 2022 йилда қонунлар ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган ўрганишлар натижасида 8 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.
Бу ҳақида вилоят прокурори Маҳмуд Истамов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида берган ҳисоботида маълум қилди.

Жумладан, мансабдор шахсларнинг 1561 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатлари протест асосида қонунларга мувофиқлаштирилган ёки бекор қилинган. Аниқланган қонун бузилишлар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш юзасидан 1216 та тақдимнома киритилган. 2895 нафар мансабдор шахслар қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилган. 1272 нафар мансабдор шахслар интизомий ва 1652 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Судларга 39,5 миллиард сўмлик зарарларни ундириш бўйича
225 та даъво аризалари киритилган. Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 365 та жиноий иш қўзғатилган. Назорат тадбирлари ва жиноий ишларнинг тергови давомида 70 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши таъминланган. Бу тадбирлар натижасида 7957 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мисол учун, вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи ўрганилганда соҳада тизимли камчиликларга йўл қўйилиб келинаётганлиги аниқланган.
Жумладан, давлат МТТлари тарбияланувчилари учун энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан балиқ 37,2 фоизга, какао 58,3 фоизга, сут маҳсулотлари 70 фоизга, тухум 78 фоизга, буғдой уни 80,8 фоизга ҳамда мева ва шарбатлар 85,4 фоизга таъминланганлиги, шунингдек, МТТларнинг 85 тасида маҳсулотларни сақлаш учун совутгичлар, ҳатто 122 тасида идиш-товоқлар етарли эмаслиги аниқланган. Шунингдек, 69 тасида маҳсулотлар норматив бўйича берилмаётганлиги, 51 тасида маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя қилинмаётганлиги, 42 тасида маҳсулотларнинг сифат сертификатлари, 38 тасида гўшт ва сут маҳсулотларига мутахассис хулосалари мавжуд эмаслиги ва бошқа бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларнинг бартараф қилиниши таъминланган.
Бундан ташқари, ўрганишда давлат МТТларининг 66 нафар
мансабдор ва моддий жавобгар шахслари томонидан озиқ-овқат ва ота-она тўловларини талон-торож қилганлиги аниқланган. 1 та ҳолатда жиноий иш қўзғатилган. 65 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Давлатга етказилган 103,1 миллион сўмлик зарарлар айбдор шахслардан ундирилган.
Муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг давлат мактабгача таълим ташкилотларида раҳбарлик лавозимига тайинланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қонун талабини бажариш мақсадида кўрилган чоралар натижасида 40 нафар давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари лавозимидан бўшатилган эди. Раҳбарлик лавозимидан бўшатилган шахслар жиноий ҳаракатларини бошқача йўллар билан давом эттириб келаётганлиги тезкор тадбирларда фош этилган. Жумладан, Бухоро шаҳридаги 50-сон давлат МТТ раҳбари Васиева муқаддам бюджет маблағларини талон-торож қилиш жиноятини содир қилганлиги сабабли мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг 2022 йил 11 февралдаги буйруғи билан директор лавозимидан бўшатилган эди. Бироқ, Васиева педагогик йўналишда меҳнат стажига эга бўлмаган ўзининг келини Ҳамроевани директор лавозимига тайинланишига, ўзи эса мазкур ташкилотда тарбиячи-педагог вазифасига ишга қабул қилинишига эришиб, амалда директорлик лавозимини ўзи бажариб, таъмагирлик ҳаракатларини давом эттириб келган. Ўтказилган тезкор тадбирда Васиева тарбиячи Маҳмудованинг тариф ставкасини 1 ҳиссага ошириш эвазига
пора талаб қилади. 2022 йил 12 декабрь куни ташкилот
директорининг хизмат хонасида 1 миллион 100 минг сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади. Васиевага нисбатан қўзғатилган жиноий иш ҳозирда суд муҳокамасида кўриб чиқилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА