Қонунлар ижроси: ўзгартиш ва қўшимчалар
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Аҳолининг тизимга бўлган ишончи ортмоқда.
Навоий вилояти Томди тумани Мусиқа ва санъат мактабида туман суди раиси Дилобар Эргашева, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Анвар Шукуров, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Шерзод Ғофуров иштирокида ўтказилган тарғибот тадбири суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Тадбирда дастлаб 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида” ги қонун ҳақида сўз юритилди. Мазкур қонун 2021 йилнинг 29 май куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиб, жиноят кодексида бир нечта янги жиноий жавобгарлик турлари белгиланди.
– Киритилган ўзгартишларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари қўлланилиши белгиланди, – дейди Томди тумани суди раиси Дилобар Эргашева. – Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида” ги Қонун ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, суд буйруғида, алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқариладиган ажримида, ижро варақасида қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилиши мажбурийлиги белгиланди. Шунингдек, ҳуқуқий тарғибот тадбирида оилавий ажримларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ва 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори юзасидан тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бу соҳада бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш борасида ишлар амалга оширилмоқда. Тадбир давомида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир саволларига судьялар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Лайло Шарипова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарафшон туманлараро суди судьяси.
ЎзА