Қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар
Таҳлилларга кўра, Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг 6 ойида жами 91 та жиноят иши қўзғатилган. Улар бўйича етказилган 669 миллион 356 минг сўм зарар суриштирув давомида ундирилган.
Шунингдек, шу даврда ҳудуд бўйича 4 минг 664 нафар фуқаро ижрога оид қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари бўйича МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган. Фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 751 нафар шахсга қамоқ, 30 нафар шахсга қонуний тартибда жарима жазолари қўлланилган ҳамда 17 нафари огоҳлантирилган, 14 нафари мажбурий меҳнат ҳамда 587 нафарига нисбатан маъмурий ишлар тугатилган.
Хусусан, Бюронинг Тошкент вилояти бошқармасининг суриштирув ва қидирув бўлим ходимлари томонидан алимент пулларини қасддан тўламай қочиб юрган қарздорларни қидириб топиш ва уларга нисбатан қонуний чораларни кўриш бўйича доимий равишда тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2011 йилдаги суд буйруғига асосан, қарздор Д.Хасановдан, ундирувчи М.Хасанова фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун вояга етгунга қадар ҳар ой жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.
– Қарздор Д.Хасанов охирги 13 йилда жами 230 миллион 303 минг 455 сўм миқдордаги алимент маблағини ундирувчи М.Хасанованинг фойдасига тўлаб беришдан бўйин товлаган, – дейди МИБнинг Тошкент вилояти бошқармаси катта инспектори Нозим Идрисов. – Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса-да, у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган.
Қонунбузар яна 17 ой давомида 17 миллион 959 минг 398,4 сўм, жами 240 миллион 543 минг 493,4 сўм миқдоридаги алимент маблағини тўлаб бермаган. Натижада қарздорга нисбатан қидирув эълон қилиниб, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан тутиб келинган ва жиноий иш қўзғатилган. Афсуски, бу каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда.
А.Мусаев, ЎзА.