Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, шу жумладан, “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди. Мазкур “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларининг давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш, бошқа қатор муҳим масалалар қамраб олинган.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш, соҳани тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларидаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА