Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, секторлар ва тегишли соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин давом этмоқда. Шу сабабли сессиянинг кун тартибидан ўрин олган дастлабки масала Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни киритиш тўғрисида бўлди.
Бу масала бўйича Жўқорғи Кенгес қўмита раиси З.Реймова, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Мамбеткадиров, Жўқорғи Кенгес депутатлари, партия фракцияси раҳбарлари фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Сессиянинг кун тартибидаги кейинги масала, яъни, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисида Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Д.Қурбаниязов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, Қонун лойиҳаси 6 боб, 35 моддадан иборат бўлиб, ҳаракатдаги Қонунга нисбатан 12 модда билан бойитилмоқда. Шунингдек, Қонун лойиҳаси фуқароларнинг диний ишончини амалга оширишда учраётган муаммоларни бартараф этиш, диний таълим олишни ва диний ташкилотларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, динлараро ва миллатлараро келишмовчилик келиб чиқишининг олдини олишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилмоқда.
Жорий йил май ойида мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди. Сайловлар ҳаракатдаги қонун талаблари асосида юқори даражада ташкилий, алтернатив ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида амалга оширилди. Сессияда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловининг якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири С.Турмановнинг ахбороти тингланди.
Шундан сўнг депутатлар давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Оролбўйи ҳудудида ижроси тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Ушбу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири З.Зиядуллаев маълумот берди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
[gallery-7650]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА