Қонликўллик ёшлар Сирдарёда
Сирдарёда "Сайхун ва Жайхун" ёшлар дўстлик фестивали ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманидан бир гуруҳ ёшлар Гулистон шаҳрига етиб келишди. Уларни «Ёшлар маркази» да сирдарёлик тенгдошлари тантанали кутиб олди. Дастлаб «Ёшлар маркази» фаолияти билан яқиндан танишилди. Вилоят ёшларининг турли йўналишдаги янги лойиҳалари ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси намойиш этилди.

Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ёшлар билан учрашиб, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг дўстлиги азалий ва абадийлиги ҳақида сўзлар экан, сўнгги йилларда сабр-тоқатли, матонатли қорақалпоқ эли фаровонлигини янада ошириш, ҳудуд ривожи, ёшларнинг интилиш ва ғоялари такомили йўлида катта қадамлар ташланганлигини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Қонликўл туманига Сирдарё вилояти бириктирилган. Ўйлайманки, бунинг натижалари барча жабҳаларда сезилаяпти ва бу ишлар тўхтамайди, – деди Акмалжон Маҳмудалиев.
Халқ достонларидан парчалар, куй-қўшиқлар ижро этилди. Ёшлар ўзлари ёзган шеърлардан намуналар ўқиди.

Вилоят раҳбари ёшлар ижодини юқори баҳолади. Сирдарё ва Қонликўл ёшлари дўстлигини тараннум этувчи қўшиқ ва мусиқа асарлари яратиш таклифини берди. Учрашув якунида иштирокчиларга "Сайхун ва Жайхун" ёшлар дўстлик фестивали статуэткаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби, “Mili teks” қўшма корхонаси, "Кўҳна Ховос" тепалиги, "Ёғочли сардоба" тарихий обидасига саёҳат ҳам ташкиллаштирилди. Фестиваль қатнашчилари ва "Жасорат мактаби" ўқув йиғинининг навбатдаги мавсумига жалб қилинган ёшлар билан гулхан атрофида давра суҳбати ташкил этилди. Ёш иқтидорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва бадиий чиқишлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.

Фестиваль дастурига мувофиқ, "Зомин" оромгоҳида уч кун давомида турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиши назарда тутилган.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири