Қўнғиротда ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий армиямизга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳамда Қўнғирот тумани «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғинининг маҳалла еттилиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳарбий оркестр, фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталари иштирок этди.
«Халқ билан армия — бир тану бир жон» шиорси остида ташкил этилган фестиваль аҳоли, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида иштирокчиларга мамлакатимиз Қуролли Кучларининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, Ватан ҳимоячиси бўлишнинг шарафи ва масъулияти ҳақида маълумот берилди.
Фестивалнинг бадиий-кўргазмали дастури ҳам қизиқарли чиқишларга бой бўлди. Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар, фахрий қоровул жамоасининг намунали саф чиқишлари ҳамда қўл жанги усталарининг маҳорат намойишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик элементлари, чаққонлик ва маҳоратни намоён этувчи кўргазмали чиқишлари ёшлар эътиборини тортди.
[gallery-32302]
Мазкур фестиваль аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА