Қон топшириш ва олиш масъулияти
Бугун тиббиёт соҳасига юртимизда ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратилмоқда. Инсон саломатлиги, унинг ҳаёти ва қадр-қимматини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Замонавий тиббий муассасалар барпо этилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Аммо шундай бир ҳақиқат бор: бинонинг замонавийлиги, жиҳозларнинг янгилиги ёки тизимдаги ислоҳотлардан ҳам муҳимроғи — инсоннинг тиббиёт муассасасига кирганида қандай муносабат ва қандай тартибни кўриши.
Чунки фуқаро шифохона ёки тиббий марказ эшигидан кирганида, аввало, инсон қадрини, масъулиятни, тартибни ва эътиборни ҳис қилишни истайди.
Бугун Бухоро вилояти қон қуйиш марказига қон топшириш мақсадида бордим. Ниятим оддий — эҳтиёжманд инсонга ёрдам бериш, балки кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссамни қўшиш эди. Аммо марказ эшигидан киришим биланоқ одам гавжумлигига дуч келдим. Рўйхатга олиш бўлимида уч нафар ходим — бир нафар эркак ва икки нафар аёл фуқароларни навбат билан рўйхатга олаётган эди. Мендан олдин турган бир фуқаро ўзини ва ёнида турган келинойисини таништириб, қон топшириш учун келганини билдирди. Бироқ тиббиёт ходими унга келинойисининг ёши катталигини, қон топшириш жараёнида талаб этиладиган миқдорни кўтара олмаслигини айтди. Шундан сўнг ҳалиги фуқаро ўзини рўйхатдан ўтказди. Кейин эса укасининг ҳам келаётганини айтиб, уни ҳам рўйхатга киритиш ва қон топширишга рухсат беришни сўради. Рўйхатхонадаги ходим эса йўқ одамни рўйхатга киритмаслигини билдирди. Тўғри. Ахир тиббий муассасада бўлмаган одамни унинг ўрнига бошқа биров рўйхатдан ўтказишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ерда инсон саломатлиги, тиббий кўрик, шахсни аниқлаш ва масъулият масаласи бор. Аммо воқеанинг давоми янада қизиқ бўлди. Орадан кўп ўтмай, ҳалиги фуқаро укасига телефон қилди ва қаерга келганини сўради. Телефондаги жавоб эса: “Болалар шифохонасигача келдим” деган мазмунда бўлди. Демак, укаси ҳали марказга етиб келмаган. Шу пайт мен тиббиёт ходимига мурожаат қилиб, мени рўйхатга олиш ва қон топширишга рухсат беришини сўрадим. Бироқ мендан олдинги фуқаро билан келишишим, унинг навбати — яъни укасини рўйхатга олиш жараёни тугашини кутишим кераклиги айтилди. Шунда мен табиий савол бердим: “Ўзи йўқ одамни ҳам рўйхатга олиб, қон топширишга рухсат бериладими?” Жавоб ва вазият эса кишини ўйлантирмай қўймайди. Аслида масала бир нафар фуқаронинг навбатида эмас. Масала — тиббиёт муассасасидаги тартиб, масъулият ва бир хил мезон ҳақида. Агар йўқ одамни рўйхатга олиш мумкин бўлмаса, унда бу талаб ҳаммага бирдек қўлланилиши керак. Агар қон топширувчи шахсан ўзи келиб, тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлса, бу қоидада истисно бўлмаслиги лозим. Чунки гап оддий рўйхат ҳақида кетмаяпти.
Гап — инсон танасидан олинадиган қон, унинг саломатлиги ва бошқа инсон ҳаёти учун масъулият ҳақида кетмоқда. Қон топшириш — оддий хизмат эмас. Қон — инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган энг қиммат неъматлардан бири. Шунинг учун уни қабул қилиш жараёнидаги ҳар бир қадам аниқ тартиб, санитария қоидалари ва тиббий назорат асосида ташкил этилиши шарт.
Яна бир манзара... Ниҳоят, менга қон топширишга рухсат берилди ва махсус хонага кирдим. Бу ерда эса одамлар жуда кўп эди. Улар бу ерга эзгу ният билан келишган — кимгадир ёрдам бериш, ҳаёт учун курашаётган беморга кўмак бериш мақсадида. Бироқ шу гавжум муҳитда яна бир ҳолат эътиборимни тортди. Қон топширувчиларнинг бирортасининг оёғида бахила йўқ эди. Энди ўйлаб кўринг: тиббиёт муассасаси, одам гавжумлиги, қон билан боғлиқ жараён ва санитария масаласи... Шу ерда беихтиёр савол туғилади: Бу тартиб ким томонидан назорат қилинади? Албатта, бир қарашда бахиланинг ўзи катта муаммо эмасдек туюлиши мумкин. Аммо тиббиётда майда деб қаралган ҳар қандай санитария талаби, агар у белгиланган тартибнинг бир қисми бўлса, ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши керак. Айниқса, бугун юртимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, уни замонавий талаблар асосида ташкил этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга катта эътибор берилаётган бир пайтда бундай манзаралар кишини жиддий ўйлантиради. Давлат раҳбари томонидан тиббиёт тизимига қаратилаётган юксак эътиборнинг замирида битта улуғ мақсад — инсон саломатлиги ва ҳаётини асраш, одамларнинг тиббиётга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш мужассам. Шундай экан, ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси фақат юқоридан берилган ҳисоботларда эмас, аввало, оддий фуқаронинг тиббиёт муассасасига кирганида кўрган муносабати, тартиби ва хизматидан намоён бўлиши керак.
Фуқаро марказга кирганда: — “Бу ерда ҳамма нарса тартибли экан”, — “Мени инсон сифатида ҳурмат қилишяпти”, — “Қоидалар ҳамма учун бир хил экан” деган ишонч билан чиқиши керак. Афсуски, бугунги кўрганларим бундай ишончни эмас, аксинча, саволларни кўпайтирди.
Масалада ким айбдор? Энг осон йўл — бир нафар ходимни айблаш. Аммо муаммо бундан каттароқ бўлиши мумкин. Агар ходим йўқ одамни рўйхатга олиш мумкин эмаслигини билса-ю, бироқ унинг олдидаги жараёнда бундай уриниш юзага келса, бу ҳолат назоратга олиниши керак. Агар бир фуқаронинг укаси ҳали марказга келмаган бўлса, унинг ҳужжатларини расмийлаштиришга уринишга йўл қўйилмаслиги лозим. Агар санитария талаблари мавжуд бўлса, уларни ким назорат қилаётгани ҳам аниқ бўлиши керак. Зеро, тартибни талаб қиладиган жойда тартибнинг ўзига риоя қилинмаса, бу энг катта зиддиятдир.
Бугун мен кўрган ҳолат, балки кимгадир арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо инсоннинг тиббиёт муассасаси ҳақидаги тасаввури айнан шундай “майда” ҳолатлардан шаклланади. Бир киши кўрганини инкор қилиш мумкин. Аммо одамлар ҳар куни кўраётган муносабат ва тартибни инкор қилиб бўлмайди.
Тиббиётда ишонч — ниҳоятда нозик тушунча. Бемор ўз ҳаётини шифокорга ишониб топширади. Қон топширувчи эса ўз қонини бошқа бир инсон ҳаётига умид сифатида беради. Шунинг учун қон топшириш марказидаги ҳар бир жараён — рўйхатга олишдан тортиб, тиббий кўрик, санитария ва қон қабул қилишгача — юксак масъулият билан ташкил этилиши лозим.
Қон топширишга келган инсоннинг нияти эзгу. Унинг олдидаги вазифа — ҳаёт сақлашга ҳисса қўшиш. У тиббиёт муассасасига тартибсизликни кўриш учун эмас, яхшилик қилиш учун келади. Шундай экан, бугунги манзара тегишли мутасаддилар учун ҳам оддий бир ҳолат бўлиб қолмаслиги керак. Масалани ўрганиш, рўйхатга олиш тартибига ким ва қандай назорат ўрнатаётганини кўриб чиқиш, қон топшириш хоналарида санитария талабларига риоя этилишини текшириш, ходимларнинг масъулиятини ошириш — бугунги кун талаби. Чунки инсон ҳаёти билан боғлиқ жойда “шундай бўлиб қолибди” деган муносабатга ўрин йўқ.
Қон — ҳаёт манбаи. Уни топширишга келган инсон эса, аввало, ҳурмат ва ишончга муносиб. Шу сабабли бугунги воқеа юзасидан мутасаддилар ўзларига оддий, аммо жуда муҳим бир саволни бериши керак: “Бизга ишониб келаётган фуқаронинг кўзи билан ўз иш жойимизга қарасак, нимани кўрар эдик?”
Жавоб шу саволдан бошланса, балки қон топшириш марказидаги тартиб ҳам, инсоннинг тиббиётга бўлган ишончи ҳам янада мустаҳкамланар.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири