Қўмондон ўқувчи-ёшлар билан учрашди
Термиз шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлат Сативалдиев билан "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли, муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришга қаратилган тадбирда ҳарбийлар, мактаб-интернат ўқувчилари, фахрийлар иштирок этди.


Учрашувда жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз, улар билан фахрланиш туйғуси ҳамда уларга муносиб бўлишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Миллий армиямиз сафларини жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар билан тўлдириш, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани хусусида фикр алмашилди.


Учрашув доирасида тинчлигимиз посбонлари жиҳозлаган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфида полковник Пўлат Сативалдиев ўқувчи-ёшларга "Жасорат" дарси ўтди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. "Ватан таянчи" отряди аъзоларига кўкрак нишони, махсус кийим-бош, эсдалик совғалар ва китоблар тўплами топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири