Қўмитанинг бир йиллик фаолияти кўриб чиқилди
Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, 2020 йилда қўмитада амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йил биринчи ярим йиллик иш режаси ва давлат Дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича ахборот берилди.
Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан зарур чораларни кўриш мақсадида қўмита аъзолари 849 маротаба ўз сайловчилари билан учрашув ўтказди. Қолаверса, Сенатда ва жойларда қўмита аъзолари томонидан жами 3 минг 291 нафар фуқаро қабул қилинди.
Қўмита аъзолари томонидан 2020 йилда жами 21 та сенатор сўрови юборилиб, тегишли давлат органлари, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқилиб, ижросини таъминлаш чоралари кўрилди.
М.Қудратуллаева, ЎзА