Қўлбола ароқ савдосига чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Нукус шаҳар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Қўнғирот туманида яшовчи фуқаро Б. А. шартли харидор Қ.Пга “Қўнғирот деҳқон бозори” акциядорлик жамияти қошида ноқонуний равишда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган 240 шиша “Қаратау” ароғининг ҳар бир шишасини 14 500 сўмдан ҳисоблаб, жами 3 миллион 480 минг сўмга сотган вақтида ушланди.
Текшириш давомида ҳуқуқбузар Б.А. ўз автомашинасида 0,75 мл.ҳажмдаги 6 шиша, 0,5 мл. ҳажмдаги 228 шиша, 0,45 мл. ҳажмдаги 84 шиша, ва 0,25 мл. ҳажмдаги 30 шиша ароқни сотиш мақсадида олиб юргани аниқланди.

Олиб борилган тезкор тадбир натижасида ҳуқуқбузар Б.А.дан жами баҳоси 8 миллион 752,3 минг сўмлик 588 шиша “Қаратау” ароғи ашёвий далил тариқасида олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги эксперт-криминалистика бўлимининг экспертиза хулосасига кўра, фуқаро Б.А. дан ашёвий далил тариқасида олинган 14 шиша “Қаратау” ароғига елимланган акциз маркалар қалбаки эканлиги тасдиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан фуқаро Б.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА