Қизлар учун кенг имкониятлар
11 октябрь – Халқаро қизлар куни
Халқаро қизлар куни муносабати билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Қизлар-миллат таянчи” шиори остида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” номли Республика форуми бўлиб ўтди.
Анжуманда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 нафарга яқин қизлар иштирок этди.

Форум доирасидаги тадбирлар "Янги Ўзбекистон" боғи, Олий Мажлис Сенати ҳамда Турин университетида бўлиб ўтди. Шунингдек, қизлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, мактабгача ва мактаб таълими вазирнинг ўринбосари Дилшод Кенжаев юртимизда қизларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги ташаббуслар қамрови кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь “Халқаро қизлар куни” сифатида нишонланмоқда.
Бу сана бутун дунёда қизларнинг яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш ва таҳлил этиш имконини ҳам беради.
Форум якунида барча сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири