Қизилтепалик ёшлар билан учрашув
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Нафосат” маданият марказида “Ёшлар форуми” доирасида “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Учрашув аввалида туман ҳокими Бекзод Бобомуродов юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар, ёшларнинг эришаётган ютуқлари ва келгусидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди.


Бугунги кунда туманда 14-30 ёшдаги ёшлар 33295 нафарни ташкил этиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 1121 нафар ёшга турли ёрдамлар кўрсатилган.
– Туманимиз номини турли йўналишдаги фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларда муносиб ҳимоя қилаётган ёшларимизга, уларнинг ота-оналарига, устоз ва мураббийларига ўзим ва сектор раҳбарлари номидан миннатдорчилик билдираман, – деди туман ҳокими. – Сизлар ва Сиз каби қарийб 34 минг нафар ёшларимизнинг ҳар бири туманимизнинг фахри, ифтихори. Биз барчангиз билан фахрланамиз.


Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар ўзларининг муаммо ва таклифларини билдириб, сектор раҳбарларига мурожаат қилишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Учрашув сўнггида ёшларга тикув машинаси, аверлок ускунаси, мотокультиватор, “Гўзаллик салони” учун зарур анжомлар, ноутбук берилди. Шунингдек, 5 нафар ёшнинг контракт тўловларини тўлаш, 1 нафар ёшга эса даволаниши учун йўлланма беришга қарор қилинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири