Қизил чироққа такроран бўйсунилмаса, муайян вақт чегирмасиз жарима тўланади
Бугунги кунда вояга етмаган шахсга автомашинани бошқаришга бериб қўйиш оқибатида турли автоҳалокатлар содир этилмоқда. Ҳатто одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар юзага келаётган ҳолатлар учрамоқда. Эндиликда бу каби ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда 27 миллион йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган бўлиб, уларнинг 77 фоизини қўпол қоидабузилишлар ташкил этган. 2 минг 188 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 8 минг 900 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Жами ҳодисаларнинг 1 минг 832 таси инсон ўлимига, 7 минг 394 таси эса фуқароларнинг тан жароҳати олишига сабаб бўлган.
Жумладан, қарийб 2 минг 500 ҳолатда транспорт воситаси 14 дан 16 ёшгача бўлган вояга етмаганларга бошқариш учун топширилиб, бунинг оқибатида 101 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 44 нафар инсон ҳалок бўлган. 17 минг 500 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариши оқибатида 46 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 92 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.
Қуйи палата мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳа билан ижтимоий хавфи юқори ҳуқуқбузарликлар учун 6 ойдан 1 йилгача муддатга транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш жазоси жорий этилмоқда. Бу жазо, аввало, инсон ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, қонун талабларини очиқчасига менсимайдиган шахсларни вақтинча йўл ҳаракатидан четлаштириш орқали фожиаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Хусусан, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш натижасида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, маъмурий жазонинг янги тури – автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби қилмишлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилганда қўлланилиши белгиланмоқда. Ушбу жазо чораси қонунда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар суди томонидан қўлланилади.
Қонун лойиҳасида транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чоралари такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек, қарама-қарши ҳаракатланиш, светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик, белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш қайта-қайта содир этилганда, жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси хавфли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлиги ва муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА