Қисқа рақамлардаги узоқ кутиш муаммосига ечим изланмоқда
Газ йўқ, сув муаммоси бор ёки электрда узилиш бўлди. Бундай пайтда одам биринчи навбатда ишонч телефонига қўнғироқ қилади.
Аммо кўпинча нима бўлади? Линия банд, кутасиз, яна кутасиз. Кейин эса навбатингиз яқинлашганда қўнғироқ узилиб кетади.
Таниш ҳолатми?
Рақобат қўмитаси айнан шу муаммоларни ўрганиб чиқди ва муҳим хулосага келди: аҳоли қисқа рақамларга боғланишда жуда кўп вақт йўқотмоқда.
Ўрганишларга кўра, энг кўп қўнғироқлар электр, газ ва сув таъминоти каби ҳаётий муҳим хизматларга қилинган. Энг эътиборлиси, айрим ҳолатларда оператор билан уланиш учун кутиш вақти 10 дақиқадан 30 дақиқагача чўзилган.
Бу инсоннинг вақти қадрланмаяпти дегани. Ахир муаммо билан қўнғироқ қилган одам ярим соат кутиш учун эмас, тез ечим топиш учун мурожаат қилади.
Рақамларга эътибор берсак, газ таъминоти бўйича мурожаатлар 4,5 баробарга ошган. Маиший чиқинди хизматлари бўйича 2,4 баробар. Ичимлик суви ва қурилиш хизматлари бўйича эса 1,2 баробар ўсиш қайд этилган.
Бу рақамлар бир ҳақиқатни - аҳоли мурожаат қиляпти, лекин тизим бу юкламани тўлиқ кўтара олмаётганини кўрсатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўплаб алоқа марказлари фаолиятини аниқ тартибга солувчи қоидалар етарли эмас. Бу эса қўнғироқларга тезкор жавоб бериш сифатига салбий таъсир қилмоқда.

Рақобат қўмитаси бу муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини Рақамли технологиялар вазирлигига юборди. Унда аҳоли билан ишловчи барча ташкилотларга ягона баҳолаш тизимини жорий қилиш, камчиликлар учун жавобгарликни белгилаш ва натижаларни очиқ эълон қилиш таклиф қилинган.
Бу амалга ошса нима ўзгаради?
Энг аввало, одамлар қўнғироқ қилганда соатлаб кутмайди. Мурожаатлар тезроқ қабул қилинади. Муаммоларга ечим топиш осонлашади. Энг муҳими, хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан ишонч ортади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА