Қишлоқларда сув таъминоти яхшиланди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Откамар маҳалласи узоқ йиллардан буён ичимлик суви масаласида қийналиб келарди. Узоқ масофадан ташиб келинаётган сув ҳаражатлари қимматга тушаётган эди. Ниҳоят янги йил арафасида маҳалла аҳлининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларига ечим топилди. Қишлоқда янги сув сақлаш ва узатиш иншооти фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа доирасида салкам 19 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 2 та 200 метр куб ҳажмли сув сақлаш резервуари қурилди.

Яқин кунларда тумандаги Қизилча қишлоғида ҳам янги сув иншооти фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Иккала сув иншоотининг фойдаланишган топширилиши натижасида ҳудуддаги мингдан зиёд хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланадиган бўлди.

Бундан ташқари, шу куни Қарши туманидаги Қоратепа қишлоғида ҳам янги сув иншооти фойдаланишга топширилди.
Сув иншоотининг тантанали очилиш маросимида “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ раҳбарияти ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Пудратчи “Бежганик сервис” МЧЖ раҳбари Азизбек Ибрагимовнинг маълум қилишича, лойиҳа доирасида 21,36 километр ичимлик суви тармоғи тортилган ва 2 та 500 метр куб сиғимли резервуар янгидан қурилган. 350 метр электр линияси тортилган. Шунингдек, 55 та кузатув қудуғи, 1 та трансформатор ҳамда 750 та хонадонга сув ҳисоблагич ўрнатилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири