Қишлоқда Ўзбекистон чемпионати ўтказилди
Бундан 5-6 йил муқаддам мамлакат миқёсидаги чемпионат ёки катта спорт мусобақаси қишлоқда ўтказилибди, деса биров ишонмасди.
Бундай мусобақаларни қишлоқ ёки маҳаллаларда ташкиллаштириш қийин масала эди. Талаб даражасидаги спорт иншоотининг йўқлиги, йўлларнинг абгорлиги, шу каби маиший муаммолар бундай орзунинг амалга ошишига изн бермасди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг исталган туманида, ҳаттоки қишлоқларида мамлакат миқёсидаги чемпионатлар, халқаро мусобақалар ташкил этиш учун зарур инфратузилма яратилди. Айрим туманларда кўп тармоқли спорт мажмуалари қад ростлади.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманининг Хонобод қишлоғида жойлашган очиқ кураш майдонида белбоғли кураш бўйича 2007-2008 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтган Ўзбекистон чемпионати бунга ёрқин мисол бўлди. Чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар Тошкент шаҳридан 300 нафардан ортиқ ёш полвонлар қатнашди.
Юқори савияда ташкил этилган мусобақада ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида 11 тадан вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналишда 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун курашди.
Муросасиз баҳсларда ўз вазнларида Тиллабек Қодиралиев (Тошкент вилояти), Ихлосбек Муҳаммадов (Андижон), Жавлон Тўхтаев (Тошкент вилояти), Ҳайитбек Обиджонов (Андижон), Давлатбек Абдуқосимов (Сирдарё), Қувончбек Хуррамов (Самарқанд), Бектой Мардонов (Самарқанд), Муҳаммадюсуф Мамажонов (Фарғона), Шоҳжаҳон Раҳматов (Тошкент вилояти), Жасмина Маъмуржонова (Фарғона), Наимахон Субхоналиева (Фарғона), Арофатхон Муҳаммадова (Андижон), Азизабону Отақўзиева (Наманган), Жасмина Норбобоева (Қашқадарё) каби ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Турли вилоятлардан келган юзлаб ёш спортчилар, уларнинг мураббийлари Фарғонанинг бетакрор табиатидан баҳра олди, дўстлар орттирди. Бундан ҳам муҳими, белбоғли кураш мусобақалари туфайли Хонобод қишлоғи ва унинг атрофидаги ўнлаб маҳалла аҳли учун чинакам спорт байрами туҳфа этилди.
Шиддатли кураш беллашувларини томоша қилган, ёш полвонларнинг чапдаст ҳаракатларидан завқ олган инсонларда миллий спорт турларимизга, соғлом турмуш тарзига эътибор ортди. Бу, чинакам саломатлик тарғиботи эмасми?
Тўлқин Рўзиев, ЎзА