Қишлоқ хўжалиги техникалари рақамлаштирилади
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида республикада илк марта эксперимент тариқасида қишлоқ хўжалиги техникалари рақамлаштирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзагроинспекция” ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги техникаларини реал вақт режимида техник ҳолатини кузатиб бориш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ёқилғи сарфини камайтириш, техникалар ёрдамида бажариладиган агротехник тадбирлар сифатини ошириш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.



Бугунги кунгача тумандаги “Polytex Sirdaryo” пахта-тўқимачилик кластерининг жами 103 дона қишлоқ хўжалиги техникаларига GPRS-навигатор мосламалари ўрнатилиб, рақамлаштирилган тизим ишга тушди. “Ўзагроинспекция” ва “Политех Сирдарё” пахта-тўқимачилик кластерининг мутахассислари томонидан тумандаги қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд бўлган фермер хўжаликлари масъулларига техникаларни рақамлаштиришнинг афзалликлари ва унинг имкониятларини янада яқинроқ таништириш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этилди. Тадбирда техникаларга қўйиладиган GPRS-навигатор мосламаларининг ишлаш жараёни, техникаларнинг ёқилғи сарфини камайтириш, бажариладиган агротехник тадбирлар сифатини аниқлаш юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири