Қишлоқ хотин-қизлари шарафланди
Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да Халқаро қизлар куни ҳамда Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Латофатли, назокатли жуда зеболи, Куч-сабр бардошли ўзбек аёли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда фаол хотин-қизлар, тўплаган бали конкурсдан ўтишга етмай тавсиянома билан киришга муваффақ бўлган қизлар, илмий жамоатчилик вакиллари, илғор фермер аёллар иштирок этди.
Бу йил тўплаган бали давлат гранти асосида ОТМга киришга етмаган қизлардан 37 нафари вилоят ишчи гуруҳи тавсияси билан ўқишга киришга муваффақ бўлди. Тадбирда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси имтиёзидан фойдаланиб грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлган қизларга гувоҳномалар топширди.
– Тўплаган балим грант асосида ўқишга бирозгина етмай қолди, – дейди Умида Раҳмонова. – Контракт тўловига оиламизнинг имконияти йўқлигидан жуда ўйланиб қолган эдим.
Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган 4 фоизлик давлат гранти асосида ажратилган квота бўйича ўқийдиган бўлганимдан хурсандман.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Эргаш Солиев, Республика маҳаллла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова иштирокчиларни байрам билан табриклаб, ўқишга кирган қизларга, бир гуруҳ фаол қишлоқ хотин-қизлари ва фермер аёлларга совғалар топширди.